Шарқий фронтда вазият оғирлашди – Зеленский

Олам

image

Украина шарқидаги Бахмут шаҳрида вазият тобора қийинлашиб бормоқда. Бу ҳақда кеча, 27 февраль куни Украина раҳбари Владимир Зеленский ўз мурожаатида айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Россия Украинага бостириб кирганидан буён кузатилган энг шиддатли жанглар Украинанинг Донецк вилоятида, бир қисми Россия назорати остида бўлган Бахмут шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Россия кучлари олти ойдан бери шаҳарни эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Айниқса сўнгги пайтларда рус қўшинларининг кончилар шаҳрини эгаллашга бўлган ҳаракатлари кучайган. 

“Душман бизнинг позицияларимизни ҳимоя қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани доимий равишда йўқ қилмоқда”, деган Зеленский.

Шунингдек, Зеленский ўз мурожаатида вазият ҳақида гапирар экан, Бахмутда мустаҳкам ўрнашиб олиш ва унинг мудофаасини таъминлаш Россиянинг янги ҳужуми туфайли жиддий хавф туғдираётганини айтган ҳамда ҳудудни “қаҳрамонларча ушлаб турган” ҳар бир инсондан миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, у мамлакатнинг бутун ҳудудини “рус террори”дан ҳимоялаш учун дунё ҳамжамиятини яна бир бор замонавий жанговар самолётлар жўнатишга чақирган.

Таъкидлаш жоизки, Украина раҳбарининг баёноти АҚШ молия вазири Жанет Йеллен кеча, 27 февраль куни Киевга ташрифи чоғида янграган. Киевга кутилмаган ташрифи чоғида Жанет Йеллен Украинага иқтисодий ва бюджет ёрдами сифатида 1,25 миллиард доллар ўтказилишини эълон қилган.

Шунингдек, у Россия иқтисодиёти Ғарб давлатлари томонидан киритилган кенг қамровли санкциялар остида ҳали барбод бўлмаган бўлсада, вақт ўтиши билан унинг заифлашишини кутаётганини қўшимча қилган. Бундан ташқари, Россиянинг Украинага қилинган ҳужумлар натижасида йўқ қилинган ҳарбий техникани тўлдириш қобилияти аста-секин хавф остида қолаётганини таъкидлаб, Хитойнинг Россияга бундай қурол-яроғ етказиб бериш бўйича ҳар қандай ҳаракати оғир оқибатларга олиб келишини айтган.

“Биз Россияни уруш олиб бориш учун ҳарбий техникадан маҳрум қилиш мақсадида жорий қилган санкцияларимизни ҳеч қайси давлат томонидан мунтазам равишда бузилишига тоқат қилмаслигимизни аниқ айтдик. Хитой ҳукумати билан жуда аниқ гаплашдик ва Хитой фирмалари, молиявий институтларига ушбу санкцияларни бузиш оқибатлари жуда оғир бўлишини айтдик”, дейди АҚШ молия вазири.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитой Россияга қурол ва ўқ-дорилар етказиб бериш масаласини кўриб чиқаётганини айтганди. Пекин эса бу даъвони қатъиян рад этганди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг