Шанхайда дунёдаги энг катта планетарий очилди (фото)

Олам 5430
image

Хитойнинг Шанхай шаҳрида дунёдаги энг йирик планетарий очилди. У бугун, 18 июлдан бошлаб, меҳмонларни қабул қила бошлади. 

Таъкидланишича, ушбу музейнинг очилиши шаҳарликлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлган. Бугун эрталабдан мажмуа атрофида катта навбат пайдо бўлган. Ичкарига эса фақат олдиндан сотиб олинган чипта билан кириш мумкин эди. 

Маълумотларга кўра, бугун, 18 июль куни планетарийга 6 мингга яқин одам ташриф буюрган. 

Қурилиши 2016 йил ноябрь ойида бошланган мажмуа Шанхайнинг Пудун туманидаги Линьган эркин савдо зонасида жойлашган. Асосий бинонинг умумий майдони 38 минг квадрат метрни ташкил этади. Қўшни иншоотларга эга мажмуа 58,6 минг квадрат метр майдонда жойлашган. 

Планетарий асосий бино ва бир қатор ёрдамчи иншоотлардан, шу жумладан ёшлар илмий маркази ва иккита жамоат расадхонасидан иборат. Кўргазма қисмда меҳмонлар 70 га яқин турли хил метеоритларнинг парчаларини кўриши мумкин. Коллекцияга шунингдек, Исаак Ньютон, Галилео Галилей, Николай Коперник ва бошқа бир қатор олимларнинг асл асарлари киритилган. 

Қайд этилишича, планетарийнинг ўқув дастурларида маълумотларни визуализация қилиш, кенгайтирилган ҳақиқат, биометрия ва сунъий интеллект каби технологиялар кенг қўлланилади. 

Ташқи томондан бу комплекс фантастик фильмлардаги катта космик кемага ўхшайди. Асосий бино атрофидаги юриш йўллари шундай жойлаштирилганки, улар галактик спирал чизиқларига ўхшайди. Планетарийни қуриш жараёнида экологик тоза материаллар ва комплекснинг ишлашини таъминлаш учун яшил технологияларнинг сўнгги ютуқларидан фойдаланилган. 

Таъкидланишича, планетарийда телескоп ҳам мавжуд бўлиб, унга Қуёш тизимини кузатиш учун барча астрономия ихлосмандлари кириши мумкин. Бундан ташқари, ундан турли илмий лойиҳаларда, шу жумладан талабалар ҳам фойдаланиши мумкин.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 222
Рейтинг: 3.1
t
×