Шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи кенгаймоқда
Бизнес
−
24 Апрель 2023
6471Шахснинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим конституциявий-ҳуқуқий воситаларидан бири ҳисобланади. Бу ҳуқуқ иккита жиҳатни ўз ичига олади. Биринчи жиҳати мурожаатлар фуқароларнинг давлат ва жамоат ишларини ҳал қилишда иштирок этиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятига таъсир ўтказишда, иккинчи жиҳатдан инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун тўсиқларни бартараф этиш ёки бузилган ҳуқуқларини тиклаш усули, яъни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажариш механизмдарида намоён бўлади.
Мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган ҳужжатларда, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияларда инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари қаторига киритилган бўлиб, ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эгалигини белгиланган.
Мурожаат этиш ҳуқуқи инсоннинг муҳим ҳуқуқлари қаторида қуйидаги белгиларга эга. Хусусан, унинг ажралмас ҳуқуқ эканлиги, ҳар бир шахс унга эга бўлиши, оғзаки, ёзма ёки элктрон тарзда тақдим этилиши ва бирхил кучга бўлиши, якка тартибда ёки жамоавий тарзда мурожаат қилиши; давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиши, шунингдек воега етмаган ҳам бевосита ёки қонуний вакиллар орқали мурожаат этиш шулар жумласидан.
Ўзбекистонда шахснинг мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий кафолатланган бўлиб, бу соҳада миллий қонунчилик базаси шаклланган ва таколлашиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга соладиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади.
Мазкур Қонун 2017 йили янги таҳрирда қабул қилинган бўлиб, унда асосий янгиликлар шахсларнинг мурожаат қилиш усуллари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди, мурожаат қилувчи ва мурожаатни қабул қилувчи, шунингдек мурожаатни ўз вақтида кўриб чиқишни назорат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.
Охирги йилларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилди. Энди уларнинг бу ҳуқуқини кафолатлаш зарурати ҳам бор. Чунки у ёки бу даражадаги амалдорлар хоҳиши билан мурожаат ва шикоят қилган инсонларнинг ҳуқуқлари таъминланмай қолмаслиги керак.
Янгиланаётган Конституцияда шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари такомиллаштирилган ҳолда янгиланмоқда. Хусусан, 40-модда билан эндиликда мурожаат қилиш давлат органлари билан бир қаторда давлат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Бундай конституциявий ҳуқуқ шахсга ўзи ва бошқалар билан биргаликда, яъни жамоавий тарзда нафақат давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига, балки ўзи истиқомат қилаётган маҳалласига ҳам мурожаат қилишни конституция даражасида кафолатлашга олиб келади. Бу эса фуқароларни қийнаётган муаммоларни бирламчи бўғинда, тезкор ҳал қилишга ёрдам беради.
Киритилаётган ўзгартириш шахсларнинг мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқ билан таъминланиш доирасини кенгайтириб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг янада фаоллашувига, фуқароларни қийнаётган муаммоларни бирламчи бўғинда, тезкор ҳал қилишга ёрдам беради.
Сахипжамал Джолдасова,
юридик фанлари доктори, эксперт