Шахмат олимпиадаси: Ўзбекистон терма жамоаси АҚШ билан ўйинда дурранг қайд этди
Спорт
−
01 Август 2022
3527Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида шахмат бўйича 44-жаҳон олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 1 август куни олимпиданинг 4-тур баҳсида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси АҚШ вакилларига қарши баҳс олиб борди ва 2:2 ҳисобидаги дурранг натижани қайд этди.
Ўзбекистонликларнинг ягона ғалабасини Нодирбек Абдусатторов қўлга киритди. Эътиборлиси, Нодирбек нафақат АҚШнинг балки дунёнинг энг номдор шахматчиларидан бири ҳисобланувчи Фабиано Караунани мағлуб этди.
Шунингдек, Нодирбек Ёқуббоев ва Жаҳонгир Воҳидов дуранг қайд этган бўлса, Жавоҳир Синдаров рақибига имкониятни бой бериб қўйган.
Қайд этиш керакки, АҚШ терма жамоаси билан муроса кўчаси танлангач, ўзбекистонлик шахматчилар тўплаган очколар сони 7 та ташкил қилиб турибди.
Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Доминикан Республикасига қарши баҳс олиб бориб, 3:1 ҳисобида зафар қозонди.
Мафтуна Бобомуродова ва Маржона Маликова ўз рақибаларини мағлуб этган бўлса, Нилуфар Ёқуббоева ва Умида Омонова дуранг натижа билан кифояланган.
Албатта, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам шахмат олимпиадасида муносиб иштирок этмоқда. Ҳозирча, уларнинг ҳисобида 6 та очко мавжуд.
Аввалроқ, АҚШ терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳамюртларига қарши дона суришдан бош тортгани ҳақида хабар қилинганди.
LiveБарчаси