Шаҳрисабздаги боғчада 8 ёшли бола вафот этгани юзасидан қўшимча маълумот берилди
Жамият
−
06 Август 2022
12490Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг шаҳар Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1-Давлат мактабгача таълим ташкилотида вояга етмаган бола устига шиша бўлаклари тушиб, вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Вилоят прокуратураси Матбуот хизматига кўра, ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Иш бўйича судга оид тиббий экспертиза ҳамда мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июль куни Шаҳрисабз шаҳридаги 1-Давлат мактабгача таълим ташкилотига мазкур МТТга қатнамайдиган 2014 йилда туғилган С.Х. синглиси А.Х. билан биргаликда боғчага келган. Тайёрлов гуруҳи тарбиячиси С.Ж. С.Х. ҳамда А.Х.нинг онасининг илтимосига кўра, қонунга зид равишда С.Х.ни ҳам олиб қолган.
Тушлик пайтида опа-сингил С.Х. ва А.Х. ташкилот ҳожатхонасига чиққан. Опаси ҳожатхона ичкарисига кирган пайтда, синглиси ташқаридан ҳожатхона эшигини очиб-ёпиб ўйнаган. Оқибатда ҳожатхона эшигининг ойнаси синиб, шиша бўлаклари С.Х.ни жиддий жароҳатлаган.
Воқеадан хабар топган ташкилот ҳамшираси тезда биринчи ёрдам кўрсатган. Бироқ, С.Х. жароҳати чуқурлиги сабаб, кўп қон йўқотиши сабаб вафот этган.