ШҲТ кузатувчи мақоми учун 6 давлат аризасини кўриб чиқмоқда 

Олам

image

Айни пайтда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида (ШҲТ) кузатувчи мақоми учун олтита, мулоқот бўйича ҳамкор мақоми учун саккизта ариза кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбоев РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

У ташкилотдаги мавқеини ошириш ёки ШҲТга аъзо бўлишга қизиқиш ортиб бораётганини айтди.

“Муайян давлатлар ёки минтақаларга келсак, шуни таъкидлашим мумкинки, ҳозир Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, ҳатто Шимолий Африка мамлакатлари ҳам фаол. ШҲТ барча давлатлар учун очиқдир. Ҳозир, умуман олганда, фаолиятни такомиллаштириш доирасида аъзо давлатлар тоифалар сонини ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни қандай қилиб самаралироқ қилиш ҳақида ўйламоқда”, деди ШҲТ Бош котиби.

У ШҲТга аъзо давлатлар жаҳон миқёсида ҳамиша ҳамжиҳатлик, халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлик намоён этишини, шу боис ҳам ташкилот, ҳам тўгарак ва унинг ҳамкорлари таркибини кенгайтириш муайян мезонлар, шартлар ва консенсусга асосланган ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Масалан, ҳозирда ШҲТда кузатувчи мақоми учун олтита ариза ва мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга бўлиш учун саккизта ариза кўриб чиқилмоқда. Бу аризаларнинг баъзилари аризачи давлатларнинг талабига биноан фаол кўриб чиқилмоқда”, деди Ермекбоев.

ШҲТ Бош котиби ўз валютасини яратиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам гапирди.

“Ҳозир бизнинг тўлов тизимларимиз глобал тўлов тизимига юқори даражада интеграциялашган ва маълум валюталар билан боғланган. Умуман олганда, миллий валюталар улушини ошириш зарурлиги тўғрисида тушунча бор, экспертлар ўз валютасини ёки қандайдир ҳисоб бирлигини яратиш бўйича таклифлар беришди, бироқ бу иш ҳали муҳокама босқичида”, деди Ермекбоев.

Маълумот учун, ШҲТ 2001 йил июнь ойида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Беларус, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон киради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 4 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Нурлан Эрмекбаевни 2025-2027 йилларга ШҲТ Бош котиби лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Айнан шу саммитда Беларусни ташкилотга қабул қилиш ҳақидаги ҳужжатлар имзоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

ШҲТ Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Нурлан Ермекбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг