Сеул Россия Шимолий Кореядан қуроллар олаётганига оид “янги далиллар” борлигини эълон қилди
Олам
−
01 Июнь 2024 9737 1 дақиқа
Сеул Украинадаги можарода фойдаланиш учун Россия Шимолий Корея қуролларини ноқонуний олиб киришига оид “янги далилларни” ошкор қилди. Бу ҳақда Жанубий Корея Мудофаа вазири Шин Вон Сик Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг йирик хавфсизлик форуми – Шангри-Ла диалогида сўз очди.
“Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Корея яриморолидаги кескинликни оширди ва Европадаги жанг майдонидаги вазиятга таъсир қилди”, деди Жанубий Корея Мудофаа вазири.
Унинг айтишича, Москва ва Пхенян ўртасидаги қурол савдоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини очиқдан-очиқ бузишдир.
“Корея ярим оролида тинчлик ўрнатилиши учун буни дарҳол тўхтатиш керак. Агар Шимолий Корея Россиядан ҳарбий технологиялар олишда давом этса, Шимолий Кореянинг одатий ҳарбий салоҳиятини яхшилаш муқаррар хавфга айланади”, деди Шин Вон Сик.
Жанубий Кореянинг ўз ядро қуролини яратиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, вазир Сеул Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома салоҳиятига таянишини айтди. Шин Вон-Сик Шимолий Кореянинг ядро қуролидан бутунлай тозаланиши кераклигини таъкидлаб, "Кучли АҚШ ва Жанубий Корея иттифоқи Шимолий Кореянинг ядровий фаолиятига жавоб бўлиши мумкин"лигини айтди.