Сергели автомобиль бозори бузиладими?
Жамият
−
01 Июнь 5142 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Сергели автомобиль бозори бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Сергели автомобиль бозори ҳудудида сотувчилар, харидорлар ва ташриф буюрувчиларга қулайликларни оширишга қаратилган режали қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
“Олиб борилаётган ишларнинг бош мақсади — бозор инфратузилмасини янгилаш, хавфсизроқ, замонавий ва тартибли савдо муҳитини яратиш, шунингдек, фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашдан иборат”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, бозор ўз фаолиятини одатдаги тартибда давом эттирмоқда. Унинг бузилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ишлар доирасида бозорнинг маъмурий биносига кириш қисмлари янгиланиб, гранит плиталар ётқизилмоқда. Бозор ҳудудидаги 26 500 квадрат метр майдонга янги асфальт қопламаси ётқизилган. Шунингдек, яна 16 200 квадрат метр майдонни асфальт қилиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, эҳтиёт қисмлар сотиладиган савдо дўконларининг том қисмларини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Дўконлар тепасидаги тартибсиз жойлаштирилган реклама конструксиялари демонтаж қилинмоқда, витриналар алмаштирилмоқда, фойдаланилган эҳтиёт қисмлар савдоси амалга ошириладиган контейнерлар эса замонавий ва тартибли кўринишга келтирилмоқда. Бозор ҳудудига автотранспорт воситаларининг кириши учун инсон омилисиз, автоматлаштирилган тўлов тизими ускуналари ўрнатилмоқда.
“Тошкент шаҳар ҳокимлиги олиб борилаётган ушбу ишлар бозорнинг бузилиши билан боғлиқ эмаслигини алоҳида таъкидлайди. Аксинча, ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудни ривожлантириш, тадбиркорлар учун шароитларни яхшилаш ва пойтахт аҳолиси учун янада қулай муҳит яратишга қаратилган”, дейилади хабарда.
Фуқаролардан фақат расмий маълумотларга таяниш ва тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик сўралади.
Live
Барчаси