Сербия Россияга нисбатан санкция қўллаш ниятида эмаслигини билдирди
Олам
−
16 Декабрь 2022
5231Сербия Россия олдида ҳеч қандай мажбуриятга эга эмас, бироқ унинг ҳаётий манфаатларига таҳдид солинмагунча ҳеч кимга нисабатан санкциялар қўлламайди. Бу ҳақда Сербия Президенти Александр Вучич РТС телеканалига берган интервьюсида айтди.
"Россия олдида ҳеч қандай мажбуриятимиз йўқ. Мен ўз маънавий мажбуриятларимга эгаман. Бизнинг экзистенциал манфаатларимизга таҳдид солмагунча биз Россия Федерациясига қарши санкциялар қўлламаймиз”, деди Президент.
Маълумот учун, жорий йилнинг 3 апрель куни бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Сербия раҳбари барча давлатлар дарҳол Россия Федерациясига қарши санкциялар қўлланилишини кутаётганини, аммо бу амалга ошмаганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Вучич Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан сўнг халққа қилган мурожаатида Сербия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, лекин Россия Федерациясига қарши санкциялар қўлламаслигини айтган эди. Шунингдек, у Сербия Россия ва Украинани қардош давлатлар деб ҳисоблашини, Европа шарқида содир бўлаётган воқеалардан афсусдалигини ва Киевга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Аввалроқ, Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан тўққизинчи санкциялар пакетини келишиб олгани ҳамда ЕИ Россиянинг 168 компаниясини санкциялар рўйхатига киритгани ҳақида хабар берилган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15