Сербия Бош вазири норозилик намойишлари туфайли истеъфога чиқди
Олам
−
28 Январь
3244Сербия Бош вазири Милош Вучевич мамлакатдаги талабаларнинг норозилик намойишлари фонида истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Танюг” ахборот агентлиги хабар берди.
Вучевич бугун, 28 январь куни матбуот анжумани ўтказади.
Сербияда икки ойдан ортиқ вақтдан бери оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Улар Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалидаги бетон соябон қулаганидан кейин бошланган ва 15 киши, жумладан уч бола ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Сербия фуқаролари бўлган, бир Шимолий Македония фуқароси бундан мустасно.
Мухолифат фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган талабалар фожиада ҳокимиятни айблаб, станциянинг сифатсиз таъмирланишига коррупция сабаб бўлган деб ҳисобламоқда. Намойишчилар дастлаб бўлиб ўтган воқеа юзасидан шаффоф тергов ўтказилишини талаб қилган, бироқ расмийлар уларга қулоқ солмаганидан сўнг, сиёсий талабларни илгари сура бошлаган. Улар орасида муддатидан олдин парламент сайловларига тайёргарлик кўрадиган ўтиш даври ҳукумати тузилиши ҳам бор.
Расмийларнинг фикрича, намойишлардан мақсад ҳукумат ва Президент Александр Вучични ағдаришдир. Президентнинг сўзларига кўра, турли ташкилотлар ва хорижий манбалар тўрт йил давомида намойишларни ташкиллаштириш учун 426 миллион евро ажратган, январда эса бу кўрсаткични бир миллиард еврога яқин деб айтган.
Намойишлар арафасида Вучич мамлакатда барқарорликни сақлашга чақирган, кейинроқ жамиятда мулоқот бошлаш зарурлигини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 22 декабрь куни Сербия пойтахти Белград марказида ўн минглаб одамлар Президент Александр Вучич ва унинг Сербия прогрессив партиясига (SNS) қарши норозилик билдириш учун йиғилганди. Мухолифат етакчилари ва жамоатчилик авария ҳукуматдаги коррупция ва қариндош-уруғчилик сабаб бўлган сифатсиз қурилиш оқибатида юзага келганини айтиб, бир неча бор кўчага чиққан. Намойишчилар “Вучич, ўғри!”, “Қўлларингда қон”, деган ёзувларни кўтариб, шаҳар бўйлаб ҳаракат қилган.
LiveБарчаси