Сентябрда Халқаро суд Россияга қарши очилган ишни кўриб чиқади

Олам

image

Гаагадаги Халқаро суд 18-27 сентябрь кунлари Украинанинг Россияга қарши даъвоси доирасида тингловларни ўтказади. Унга кўра, Россия геноцид конвенциясини бузганлиги айбланмоқда. Суд мажлислари Россия Федерацияси томонидан илгари сурилган дастлабки эътирозларга бағишланади. Бу ҳақда Халқаро суд матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатлардан маълум бўлишича, учрашувлар чоғида Россия, Украина, шунингдек, Украинанинг Россияга қарши даъвоси бўйича иш юритишда учинчи шахс сифатида тан олинган 30 дан ортиқ Ғарб давлатлари вакилларига сўз берилади. 

Маълумот учун, 2022 йил 26 февралда Украина 1948 йилдаги Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни талқин қилиш, қўллаш ва амалга ошириш юзасидан Халқаро судга Россия Федерациясига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган. У Россияни "ўз тажовузни оқлаш учун "геноцид" тушунчасини манипуляция қилгани учун" жавобгарликка тортилишни талаб қилган ва уни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. 

Ўша йилнинг июль ойида Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Россия томонидан Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузгани бўйича яна судга мурожаат қилганини маълум қилган.

Конвенция 1948 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган. Ҳужжатда геноцид жиноят сифатида тан олинган. Конвенцияда айтилишича, у маълум бир миллий гуруҳ аъзоларини ўлдириш, уларга оғир тан жароҳати етказиш ва бошқалар шаклида ифодаланиши мумкин. Геноцидни содир этган шахслар, шу жумладан шериклар, геноцидни содир этишга тил бириктирган, уни қўзғатган ва содир этишга уринган шахслар жазоланади.

Халқаро суд БМТнинг асосий суд органи ҳисобланади. У Гаагадаги (Нидерландия) Тинчлик саройида жойлашган. Суд 1946 йилдан бери фаолият юритиб келади ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни ҳал қилади.

Низоларни кўриб чиқишда суд очиқ суд мажлисларини ўтказади, унда тарафларнинг вакиллари ва адвокатлари сўзга чиқади, сўнгра ишни ёпиқ мажлисларда муҳокама қилади ва қарорни эълон қилади. Ушбу қарор якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас. Агар жараёнда иштирок этаётган давлатлардан бири унга риоя қилмаса, иккинчи томон БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиши мумкин.

Россия Халқаро Суднинг юрисдикциясини тан олган, бироқ алоҳида ҳолларда унга эътироз билдирган. 2022 йил октябрь ойида Москва Украинанинг Россияга нисбатан февраль ойида қўйилган даъвосини суднинг кўриб чиқиш ҳуқуқи бўйича судга эътироз билдирган. Ташқи ишлар вазирлиги суднинг бундай юрисдикцияга эга эмаслигини даъво қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Халқаро суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг