Сенсацион кун ёхуд мундиал ўзига ўхшай бошлади

Спорт 7308
image

22 ноябрь куни Қатар мебзонлик қилаётган Жаҳон чемпионатида яна тўртта учрашув бўлиб ўтди. "C" ва "D" гуруҳлари вакиллари ҳам дастлабки тур ўйинларини ўтказишди.

"C" гуруҳи

1-турдан сўнг Аргентина гуруҳда охирги, Саудия Арабистони эса 1-ўринда туришини ҳеч ким тасаввур қилмаган бўлса керак. Осиё жамоаси нафақат очколари, балки тўплар нисбати бўйича ҳам гуруҳда пешқадамликни қўлига олди. 

Аргентинани мағлуб этгани учун Саудия терма жамоаси футболчиларига 2,5 миллион евродан пул мукофоти берилди. Шунингдек, бугун, 23 ноябрь мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинди.

Учрашувдан сўнг дарҳол Аргентинанинг "Ole" нашри Марадона ватандошларининг тўрт очко билан плей-оффга чиқиш имкониятини ўрганиб чиқди. ЖЧ-2018да айнан шундай бўлганди – Аргентина Хорватияга ютқазди, Нигерияни мағлуб этди ва Исландия билан дуранг ўйнади. Ўшанда Жанубий Америка терма жамоаси атиги тўрт очко билан 1/8 финалга чиққан эди.

Бу гуруҳдан қайси жамоа плей-оффга чиқишини айтиш жуда қийин. Назарий жиҳатдан аргентиналикларга тўрт очко етарли бўлмаслиги ҳам мумкин. Мисол учун, Аргентина Мексика билан дуранг ўйнаб, Польша устидан ғалаба қозонса, Мексика 2-турда Польша билан тўқнаш келадиган Саудияни мағлуб этса, Осиё жамоасида олти, Лотин Америкаси жамоасида беш, Конкакаф кубоги ғолибида эса тўрт очко бўлади. Аммо Аргентина Мексикани ҳам, Польшани ҳам мағлуб этса, 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритиши кафолатланади.

26 ноябрь

Польша – Саудия Арабистони;

Аргентина – Мексика.

30 ноябрь

Польша – Аргентина;

Саудия Арабистони – Мексика.

"D" гуруҳи

Амалдаги жаҳон чемпионлари учун Қатардаги дебют жуда муваффақиятли бўлди. Франция терма жамоаси Австралияни ишончли ҳисобда мағлуб этиб, гуруҳда пешқадамлик қўлига олди. Агар кейинги босқичда Диде Дешам жамоаси данияликларни мағлуб этса, 1/8 финал йўлланмасини нақд қилади. 

Даниянинг ҳолати эса мураккаблашди, лекин улар 2-турда рақиб жамоаларнинг натижасини билиб, ўйинга киришади. Агар Тунис Австралияни мағлуб этса, скандинавияликлар учун вазият сезиларли даражада қийин кўриниш олади. Яна бир қизиқарли вариант бор. Агар 2-турда Тунис ва Дания терма жамоалари ғалаба қозонса, амалдаги жаҳон чемпионлари жадвалнинг учинчи поғонасидан жой олишади.

26 ноябрь

13:00. Тунис – Австралия;

19:00. Франция – Дания.

30 ноябрь

18:00. Тунис – Франция;

18:00. Австралия – Дания.

Шахзод Шукуров
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 198
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×