Сизда у гина, бизда бу гина. Сенатор ва адвокатлар келишиб олдими?

Жамият

image

Бугун, 25 март куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов, мазкур Қўмита раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев ва Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров иштирокида шу кунларда оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига киритилаётган таҳририй ўзгартишлар бўйича учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув иштирокчилари юзага келган тушунмовчилик юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилишган.

"Сенаторлар кириталаётган ўзгартиш адвокатлик фаолиятига бирон-бир янги чеклов киритаётганлигини англатмаслиги, балки, қонунчиликни замонавий технологиялар ривожига монанд равишда мослаштиришга қаратилганлиги, шу муносабат билан адвокатлик ҳамжамияти ва фуқароларда хавотир олишга ҳеч қандай асос мавжуд эмаслигини таъкидлашди. Бугунги кунда айнан шу ҳаракатлар учун прокурор санкцияси олиниши шартлиги амалдаги қонунда белгиланган ва ундан ташқари ҳудди шундай қоида Ўзбекистон судьяларига нисбатан ҳам белгиланганлиги таъкидланди. Шу билан бирга санкциялар босқичма-босқич прокуратура органларидан судларга ўтказилаётганлиги ҳам қайд этилди.

Ўз ўрнида, Адвокатлар палатаси раиси, тегишли қонун ҳужжатига кўра адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Палата билан ҳамкорликда ишлаш зарур бўлсада, айнан шу қонун лойиҳаси бўйича Палата жалб қилинмаганлиги бугунги кунда мамлакатдаги очиқлик сиёсати шароитида адвокатлар ҳамжамияти эътирозларига сабаб бўлаётганлигини таъкидлади. 

Учрашувда юзага келган масалани тегишли идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилишга ҳамда адвокатура институтини ривожлантириш ва жамиятда адвокатлар мавқеини ошириш борасида ҳамкорлик қилишга келишилди", дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг кеча, 24 мартдаги ялпи мажлисида “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонун билан бир неча қонун ҳужжатларига, хусусан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш маъқулланди

Қонун лойиҳасига кўра, прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиниши белгиланган.

Ушбу масала юзасидан Адлия вазирлигининг тушунтириши ҳам эълон қилинди

Адвокатлар палатаси Раиси ўз эътирозини билдиргани ва маъқуллаш учун имзо чекмаганини айтиб ўтган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг