Сенаторлар “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан сенатор М. Жумагалдиев маъруза қилди, деб хабар берди “Халқ сўзи” нашри.

Ушбу Қонунга кўра давлат-хусусий шериклик бу давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлигидир.

Мазкур қонун давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосини яратиш билан биргаликда давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ қоида ва жараёнлар, институционал тизимини тартибга соладиган ва қўлланилиши мумкин бўлган тамойиллар ва давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ бошқа масалаларни қамраб олган.

“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун 10 та боб ва 44 та моддадан иборат.

Қонунда умумий қоидалар, давлат-хусусий шериклик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари, хусусий шерикни танлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш ва ушбу лойиҳани амалга ошириш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг ва ҳисобдорлик ҳамда давлат-хусусий шерикликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмлари белгилаб берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳолларда, давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда ҳамда интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси,кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан битим тузиш мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг асосий шартлари, амал қилиш муддати, битимни ўзгартириш, тўлдириш ёки бекор қилиш асослари, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун жалб қилинган мол-мулк, ер участкаларини бериш, битим тарафларининг мулкий жавобгарлиги, давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш тартиби белгиланган.

Унга кўра, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Савол жавоблардан сўнг мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун ялпи мажлис

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг