Сенаторлар ҳукуматдан газ баллонлар масаласида сўров юборади

Жамият

image

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборади. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида айтиб ўтилди.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг портлаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар юз беришига қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқлангани қайд этилган.

“Автотранспорт воситаларига ноқонуний газ мосламасини ўрнатиш ва уларнинг ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилмаслик ҳолатлари йилда-йилга кўпайиб бораётгани таъкидланди. Бу эса автотранспорт воситалари портлаши билан боғлиқ мудҳиш ҳодисаларни вужудга келтирмоқда”, дейилди қўмита мажлисида.

Таъкидланишича, 2021 йил давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Шунингдек, қўмита йиғилишида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари кўплаб учраётгани урғуланган.

“Уларни автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмагани, газ баллонларининг техник синовдан ўтказилгани тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Сенаторлар яна бир масалага эътибор қаратган. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимиятива бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши белгиланган.

Лекин газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

газ баллон

Баҳолаганлар

296

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг