Сайёрада 60 дан ортиқ уруш бўляпти – БМТ Олий комиссари хавотирда

Олам

image

Бугунги кунда сайёрада 60 дан ортиқ уруш давом этяпти. Бундай салбий кўрсаткич Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери кузатилмаган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда чиқиш қилар экан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк қуролли низолар сонининг ортиши ва умуман дунёда халқаро ҳуқуқнинг заифлашишидан чуқур хавотир билдирган.

У, шунингдек, ҳарбий ҳаракатларда сунъий интеллектнинг қўлланилишидан, айниқса, инсон аралашувисиз одамни ўлдириш учун қарор қабул қилишга қодир бўлган қуролларнинг ишлаб чиқилаётганидан хавотирда.

Фолькер Тюрк СИ устидан назоратни кучайтириш бўйича борган сари тез-тез янграётган чақириқларга қўшилган. У ушбу инқилобий технология, агар назоратсиз қолдирилса, “инсоният учун экзистенциал таҳдидга” айланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

БМТ Олий комиссари сунъий интеллект тизимлари шу қадар қудратли бўлиб кетиши ва натижада дастурчилар уларни бошқара олмай қолиши мумкинлигини тан олган.

“Синов муҳити чегарадан чиқиб кетадиган ёки ўзини ўчириб қўймасликлари учун дастурчиларни товламачилик қиладиган СИ – бу жуда қудратли СИдир. Бугун жуда кеч бўлмасдан олдин СИ хавфсизлиги ва ҳимоясининг мустаҳкам кафолатларини яратиш учун барча мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширишга чақираман”, дейди у. 

Фолькер Тюрк сунъий интеллект технологиялари жойлаштирилган мамлакатларни, шунингдек, уларни етказиб бериш занжирига жалб қилинган давлатларни янги технологиянинг тарқалишига аниқ чегаралар белгилаш бўйича биргаликда ишлашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Халқ-озодлик армияси гуманоид роботларни жанговар шароитда иштирок этишга тайёрлашни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг