Эрон урушни кескинлаштирмоқчи – АҚШ разведкаси
Олам
−
19:17 1064 2 дақиқа
Эрон ўз кучига ишонч ҳис қилмоқда ва АҚШ разведкаси баҳолашига кўра, яқин ойларда АҚШ билан низони авж олдиришга қарор қилиши мумкин. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
АҚШ мулозимларининг нашрга маълум қилишича, Теҳрон қарама-қаршиликни камида АҚШдаги оралиқ сайловларгача чўзишга ва шу орқали Президент Дональд Трампнинг сиёсий муаммоларини чуқурлаштиришни ният қилган.
Разведка маълумотларига кўра, бир неча ойлик ҳарбий ҳаракатлардан сўнг Эрон ўз ҳарбий имкониятларини яхшироқ баҳолаган ва АҚШга қаршилик кўрсатишни давом эттиришга қодир деб ҳисоблайди. Яқин ҳафталарда Теҳрон июль ойида амалга оширган ҳаракатларини такрорлаши мумкин: минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ва кемаларига, шунингдек, Қувайт ва бошқа мамлакатлардаги инфратузилмага ҳужум қилиши мумкин. Шу билан бирга, манбаларнинг сўзларига кўра, қисқа муддатли истиқболда АҚШнинг иқтисодий санкциялари вазиятнинг янада авж олишига хизмат қилади, холос.
Бунгача “The Wall Street Journal” нашри Эрон ва араб мулозимларига таяниб, Теҳроннинг АҚШ ва Исроил билан низони кенгайтиришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берган. Газета маълумотларига кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) мунтазам армия устидан назоратни кучайтирган, Ироқ билан уруш ветеранларини асосий лавозимларга тайинлаган, контрразведка операцияларини кенгайтирган ва ракеталар ҳамда дронлар ишлаб чиқаришни тезлаштирган. Бундан ташқари, Теҳрон Яман ва Ироқдаги қуролли гуруҳлар билан алоқада бўлиб, уларни низонинг эҳтимолий кенгайишига тайёрламоқда, деб қайд этади газета суҳбатдошлари. Эҳтимолий сценарийлар орасида WSJ Форс кўрфазидаги интернет-кабелларидаги диверсиялар ва шиа гуруҳлари бўлган мамлакатларда, жумладан Қувайт ва Баҳрейнда вазиятни издан чиқаришни тилга олган.
АҚШ Вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитаси аъзоси, Колорадо штатидан демократ Жейсон Кроу Эрон раҳбарияти янада жипслашганини ва душманларга босим ўтказиш учун Ҳормуз бўғозидан қандай фойдаланишни яхшироқ тушуниб етганини айтган. Урушгача ушбу сув артерияси орқали жаҳон нафтининг тахминан бешдан бир қисми ўтар эди.
“Улар бўғоз музокаралардаги муҳим “карта” эканини ҳамиша билишган, аммо энди у уларга қандай таъсир дастакларини беришини янада чуқурроқ англаб етдилар”, дейди Кроу.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўқ-дорилар заҳираси ҳақида фикр билдирди ва Қўшма Штатларнинг яна бир урушда иштирок этиш эҳтимолини баҳолаган эди.
Live
Барчаси