Сайловнинг 2-тури Эрдўған учун осон кечади 

Олам

image

Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған учун президентлик сайловларининг иккинчи босқичи анча осон кечади ва у 50 фоиздан ортиқ овоз тўплайди. Бу ҳақда Туркия раҳбарининг расмий вакили Иброҳим Калин “AHABER” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Иккинчи тур биз учун анча осон кечади. Хорижда сайловда қатнашиш 53 фоиз даражасида эди. Энди ҳам шундай бўлади, деб ўйлайман. Барча омилларни ҳисобга олсак, Президентимизни қўллаб-қувватлаш 50 фоиздан ҳам кўпроқ бўлади. Биринчи тур овозларидаги фарқ жуда аниқ. Бу 5%, яъни 2,5 миллион овоз демакдир. Уларнинг камайиши даргумон”, дейди Калин.

Унинг айтишича, ҳозирда номзод Синан Ўған учун берилган 5,17% овоз кимга ўтиши ҳақида баҳслар кетмоқда. 

"Мунозаралар давом этмоқда, биз уларни кузатиб боряпмиз. Бу фоизларнинг барчаси номзодлардан бирига тушади, дейиш нотўғри бўлади. Ҳозирча Ўған билан учрашувлар ўтказганимиз йўқ. Унинг позициялари иттифоқимизга яқинроқ эканини биламиз. Келажакда Ўған билан учрашувлар бўлмайди, дея олмайман”, деб таъкидлаган Эрдўғаннинг вакили.

Шунингдек, Калин баъзи Ғарб давлатларининг хорижий матбуотини журналистика билан шуғулланиш ўрнига, аниқ бир тарафни танлагани учун танқид қилган. 

"Журналистлар сайлов натижасига таъсир ўтказишга ҳаракат қилди, аммо муваффақиятсизликка учради. Бу сафар партиялардан бирини қўллаб-қувватлаб, уни кучайтиришга ҳаракат қилишди, аммо турк халқи сарлавҳаларга эргашмади, халқ ўз сўзини айтди", дейди у. 

Унинг сўзларига кўра, Анқара Ғарб белгилаган доирани қабул қилмаслигини ва мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мустақил ҳаракат қилишини кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг биринчи турида амалдаги Президент 49,51 %, мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли 44,88 % овоз олганди. “Аждодлар” сиёсий блоки вакили Синан Ўған эса 5,17 фоиз овоз олди. Ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз олмагани сабаб, сайлов иккинчи турда давом этадиган бўлди ва у 28 май санасига белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия сайлов Эрдўған Қиличдорўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг