Сайлов бошланди

Жамият 1898
image

Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланди. Овоз бериш соат 8:00 дан 20:00 гача давом этади.

Сайлов республика бўйлаб 150 та округда ўтказиляпти. Сайловда Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал-демократик партияси ва Экологик партиядан 746 нафар номзод Қонунчилик палатасидаги 150 ўрин учун ўз номзодини қўйган.

Маълумот учун, даставвал номзодлар сони 750 нафар эди, бироқ 4 нафар номзод ўз хоҳиши билан рўхатдан чиқарилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 150 та сайлов округлари кесимида жами 21 миллионга яқин Сайлов бюллетенлари чоп этилди.

Маълумотларга кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 503 минг 462 нафарни ташкил этган. Улардан 10 миллион 147 минг 772 нафари эркак, 10 миллион 355 минг 690 нафари аёл сайловчилардир. Сиёсий жараёнларда 2 миллион ёш ўзининг Конституцияда белгилаб қўйилган сиёсий, яъни овоз бериш ҳуқуқидан биринчи маротаба фойдаланади.

Сайловчиларнинг 1 миллион 721 минг 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55 сайлов участкасига бириктирилган. Қолган қисми республикамиз ҳудудидаги 10 минг 260 сайлов участкасидан бирида овоз беради.

Сайловда ЕХҲТ ДИИҲБдан 231 нафар, ЕХҲТ ПАдан 66 нафар, ШҲТдан 2 нафар, МДҲ ва МДҲ ПАдан 160 нафар, Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик Кенгашидан 5 нафар ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясидан 9 нафар, ЕТТБдан 2 нафар, Халқаро ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясидан 1 нафар, хорижий давлатлар дипломатик миссиясидан 27 нафар, шунингдек хорижий давлатлардан 267 нафар кузатувчилар қатнашяпти.

Сайлов жараёнларида иштирок этиш учун 131 нафар хорижий ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Бундан ташқари, чет элларда Ўзбекистон фуқароларини сайлов ҳуқуқини таъминлаш мақсадида 38 та давлатда 55 сайлов участкаси ташкил этилди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, 2014 йилги парламент сайловлари 35 та давлатдаги 44 та сайлов участкасида ўтказилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×