Савдо-саноат палатаси раисига ўринбосарлар тайинланди
Жамият
−
24 Январь
5605Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисига ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатасининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Дилшод Расулов Озодович Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади.
Дилшод Расулов 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1994 йилда Тошкент молия институтини, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактабини тамомлаган. 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасида турли лавозимларда фаолият олиб борган.
Дилшод Расулов 2010-2014 йилларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Савдо кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш бўлими бошлиғи, Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти бошлиғи, раис ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаган.
Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Шунингдек, Давронбек Курбанов Кадамбаевич Савдо-саноат палатаси раисининг бизнес муҳитини таҳлил қилиш ва ишбилармонлик индексларини баҳолаш, тадбиркорларга бозор инфратузилмаси масалаларида кўмаклашиш йўналиши бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Давронбек Курбанов 1975 йилда Хоразм вилоятида туғилган, 1995 йилда Самарқанд кооператив институтини, 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида турли лавозимларда ишлаган.
2022-2023 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг Стратегик режалаштириш департаменти директори, тайинловга қадар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
LiveБарчаси