Саудияга Ҳаж учун борган 75 минг киши қўлга олинди

Олам

image

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги 75 мингдан ортиқ ҳаж қоидаларини бузган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда “Al Bawaba” хабар берди.

Хавфсизлик бошқармаси раҳбари, генерал-майор Муҳаммад ал-Бассами Макка шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида 269 мингдан ортиқ рухсатсиз келган шахслар Маккага киришдан қайтарилгани, шунингдек, 75 минг 943 та бошқа қоидабузарликлар аниқланганини айтган.

Қолаверса, Бассами 252 та сохта ҳаж гуруҳлари ва 1 минг 239 та қоидабузар транспорт воситалари аниқлангани, 109 минг 632 та рухсатномага мос келмайдиган автомобиллар қайтарилганини маълум қилган.

“Хавфсизликни бузишга ёки қоидаларни бузишга ҳаракат қилганларга қатъий чоралар кўрилади”, деган у ўз нутқида.

Давлат хавфсизлик қўшинлари махсус бўлимининг раҳбари, генерал-майор Муҳаммад ал-Омари зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни тартиб билан бошқариш бўйича қатъий режалар ишлаб чиқилгани, рухсатсиз шахсларнинг муқаддас жойларга киришини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилган.

Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал Ҳамуд ал-Фараж, биринчи марта ёнғин ўчириш ва қутқариш учун махсус дронлар тизимга жорий этилганини билдирган.

Мамлакатнинг Ҳаж ва Умра вазирлиги зиёратчиларни юқори ҳароратга қарши эҳтиёткор бўлишга чақирган.

Шунингдек, расмий транспорт воситаларидан фойдаланиш, пиёда юрмаслик ва унга риоя қилиш зарурлиги таъкидланган.

Вазирлик зиёратчилар хизмат кўрсатувчи компанияларнинг меҳмонларини барча қоидалар ва кўрсатмаларга амал қилишлари учун огоҳлантиришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 апрель кунидан бошлаб Саудия Арабистони рухсатномасиз ҳаж амалини адо этганлар ва бунга ёрдамлашганларга жарима ва депортация каби чораларни қўллаши ҳақида хабар берилган эди. Янги чораларга кўра, рухсатномасиз ҳаж ибодатини адо этаётган ёки адо этишга уринаётган шахсларга 20 000 Саудия риалигача (5,3 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади. Шу билан биргаликда, Маккага рухсатномасиз ҳаж қилиш учун бостириб кирганлар, хоҳ у ерда яшовчилар бўлсин, хоҳ муддатидан ортиқ яшовчилар, депортация қилинади ва 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириши тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг