Саудияда Араб лигаси саммити ўтказилмоқда. Унга Асад ва Зеленский ҳам борган
Олам
−
19 Май 2023
10422Бугун, 19 май куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Араб лигаси саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Сурия Президенти Башар Асад кўп йиллардан буён илк бор иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Alarabiya” хабар берди.
Саммитда Араб лидерларидан Иордания қироли Абдуллоҳ II ва БАА вице-президенти Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён Араб Лигасининг 32 саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига етиб келган. Шунингдек, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ал Тани, Қувайт валиаҳд шаҳзодаси Мишал ал-Аҳмад ал-Жобир ал-Сабаҳ, Жибути Президенти Исмоил Умар Гуелле, Марокаш шаҳзодаси Рачид, Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий ва Жазоир Бош вазири Айман Бенабдерраҳмон саммитда қатнашиш учун Қиролликка етиб келган.
Уларни Жиддадаги Қирол Абдулазиз халқаро аэропортида Саудия Арабистони шаҳзодаси, Макка губернатори ўринбосари Бадр бин Султон ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. Шунингдек, саммитда қатнашиш учун Владимир Зеленский ҳам Жиддага етиб келган.
Бир кун аввал эса Жиддага Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Уммон, Мавритания, Тунис, Баҳрайн, Ливан, Фаластин ва Яман етакчилари етиб келган.
Саммит кун тартибидаги асосий масалалар Сурияни Араб Лигасига қайтариш, Яман, Ливия ва Суриядаги инқирозларни тартибга солиш, шунингдек, Фаластин-Исроил можароси атрофидаги вазият. Сўнгги пайтлардаги радикал гуруҳлар ўртасидаги кескинлашув ҳам муҳокама марказида бўлади.
Шу билан бирга, араб давлатлари раҳбарлари иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва терроризмга қарши курашни мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилади.