Саудия шаҳзодаси Арабистон Эрон билан ярашишга тайёрлигини маълум қилди

Олам

image

Саудия Арабистони қўшни Эрон билан конструктив муносабатларга содиқдир. Бу ҳақда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Саудия телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди.

Валиаҳд шаҳзоданинг айтишича, Ар-Риёд Эронга фаровонлик тилайди ва мамлакатларнинг ўзаро манфаатлар асосида икки томонлама алоқаларини ривожлантириш тарафдоридир.

Бироқ, Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига кўра, Теҳрон билан муносабатлардаги Эрон ядро дастури, “минтақанинг бир қатор мамлакатларида ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган” Теҳроннинг қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаши, шунингдек Эронда ишлаб чиқарилган баллистик ракеталарни яратиш каби муаммолар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

“Саудия Арабистони шериклари билан муаммоларни ҳал қилиш устида ишламоқда ва барча мамлакатлар билан ижобий ҳамда конструктив алоқалар ўрнатишга умид қилмоқда”, дейди валиаҳд шаҳзода

Бундан ташқари, валиаҳд шаҳзода Ар-Риёд қиролликнинг жанубий чегаралари яқинида Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яманнинг “Ансаруллоҳ” исёнчилари қабул қилинмаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони ва Эрон расмийлари муносабатларни тиклаш учун тўғридан-тўғри музокараларда бўлиб тургани ҳақида хабар берилганди.

Эрон ва Саудия Арабистони муносабатлари

Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги зиддиятларнинг яна бир инқирози, 2012 йилда ҳибсга олинган Оятуллоҳ Нимр ан-Нимрнинг 2016 йил 2 январда Саудия Арабистонида қатл этилганидан кейин пайдо бўлди. У Ал-Сауд режимини танқид қилган ва диний озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилишга ҳамда қиролликда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга чақирган шиалар илоҳиётчиси эди.

Худди шу куни кечқурун, уламонинг қатл қилинишидан ғазабланган эронлик намойишчилар оломони Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги консуллиги ҳудудига бостириб кирди. Бунга жавобан, Ар-Риёд 3 январь куни Теҳрон билан муносабатларни тўхтатди. Саудия Арабистонини Баҳрайн, Судан ва Жибути ҳам қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, БАА дипломатик ваколат даражасини пасайтирди, Қувайт ва Қатар ўз элчиларини чақириб олди.

Яманда Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган мамлакат расмийлари ва Эрон ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келаётган ҳутийлар ўртасидаги қарама-қаршилик 2014 йил августидан бери тўхтамаяпти. 2015 йил 26 мартдан бошлаб, Яман Президентининг илтимосига биноан, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳаво кучлари кўмаги орқали исёнчиларга қарши ҳарбий операция ўтказилмоқда. Миср, Иордания, Марокаш ва Судан ҳам коалицияга қўшилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг