“Дока-рўмол қуриши”. Эрон ва Саудия Арабистони муносабатларни тикламоқчи

Олам 5326
image

Саудия Арабистони ва Эрон расмийлари муносабатларни тиклаш учун тўғридан-тўғри музокараларда бўлиб турибди. Бу ҳақда “Financial Times” тегишли маълумотларни эълон қилди.

Нашрнинг учта манбасига кўра, музокараларнинг биринчи босқичи 9 апрель куни Бағдодда бўлиб ўтган. Ушбу ташаббус 2016 йилдан бери давлатлар ўртасидаги биринчи муҳим сиёсий мунозара, деб ҳисобланмоқда. 

Учрашув давомида томонлар “Ансор Аллоҳ” қўзғолончи ҳаракати (ҳутийлар) аъзолари томонидан қироллик ҳудудига мунтазам равишда ҳужум қилиш масаласини кўтарган, музокаралар ижобий ўтган. Исми ошкор қилинмаган амалдорнинг айтишича, Саудия Арабистони делегациясини разведканинг юқори лавозимли ходими бошқарган. Кейинги ҳафтада музокараларнинг яна бир раунди бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Хабарда ёзилишича, музокаралар жараёнига жорий йилнинг март ойида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ал-Сауд билан суҳбат ўтказган Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Казимий ёрдам беради.

Саудия Арабистонининг юқори лавозимли мулозими музокараларни рад этди, деб ёзади газета. Ироқ ва Эрон ҳукуматлари ушбу маълумотларга изоҳ беришдан бош тортди. Шу билан бирга, нашр хорижий дипломат ва Ироқ маъмуриятининг юқори мартабали вакилидан тасдиқнома олишга муваффақ бўлган. Унга кўра, Бағдод Эроннинг Миср ва Иордания билан алоқаларини ҳам енгиллаштирган.

“[Ироқ] бош вазири Ироқни минтақадаги ушбу антагонистик кучлар ўртасидаги кўприкка айлантиришда шахсан ўз ролини кўрсатиб қўймоқчи”, дея тушунтирган расмий.

Эрон ва Саудия Арабистони муносабатлари

Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги зиддиятларнинг яна бир инқирози, 2012 йилда ҳибсга олинган Оятуллоҳ Нимр ан-Нимрнинг 2016 йил 2 январда Саудия Арабистонида қатл этилганидан кейин пайдо бўлди. У Ал-Сауд режимини танқид қилган ва диний озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилишга ҳамда қиролликда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга чақирган шиалар илоҳиётчиси эди.

Худди шу куни кечқурун, уламонинг қатл қилинишидан ғазабланган эронлик намойишчилар оломони Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги консуллиги ҳудудига бостириб кирди. Бунга жавобан, Ар-Риёд 3 январь куни Теҳрон билан муносабатларни тўхтатди. Саудия Арабистонини Баҳрайн, Судан ва Жибути ҳам қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, БАА дипломатик ваколат даражасини пасайтирди, Қувайт ва Қатар ўз элчиларини чақириб олди.

Яманда Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган мамлакат расмийлари ва Эрон ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келаётган ҳутийлар ўртасидаги қарама-қаршилик 2014 йил августидан бери тўхтамаяпти. 2015 йил 26 мартдан бошлаб, Яман Президентининг илтимосига биноан, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳаво кучлари кўмаги орқали исёнчиларга қарши ҳарбий операция ўтказилмоқда. Миср, Иордания, Марокаш ва Судан ҳам коалицияга қўшилган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 172
Рейтинг: 3
t
×