Саудия клуби “Манчестер Сити” аъзоси учун 70 миллион евро бермоқчи
Спорт
−
11 Июль 2023
2648Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби “Манчестер Сити”га португалиялик футболчи Бернарду Силва трансфери бўйича таклиф юборди. Бу ҳақда CBS хабар берди.
Манбага кўра, Саудия клуби “шаҳарликлар”га Бернарду учун 70 миллион евро тўлашга тайёр. 28 ёшли ярим ҳимоячига йилига 50 миллион евро маош таклиф қилинади – бу унинг “Манчестер Сити”да оладиган маошидан анча кўп.
Айни дамда Бернарду фаолиятини давом эттириш учун яна бир нечта вариантлар бор. Португалиялик футболчига “Ал-Ҳилол”дан ташқари ПСЖ ва “Барселона” қизиқиш билдирмоқда. Ўз навбатида “Манчестер Сити” футболчи билан шартномани узайтиришдан манфаатдор.
Бернарду ҳам фаолиятини Европада давом эттириш ниятида, аммо Саудия Арабистон жамоалари томонидан таклиф қилинаётган катта суммалар уни Осиёга йўл олишини таъминлаши мумкин.
Силва ўтган мавсум Англия чемпионатида 34 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Унинг “Ман Сити” билан амалдаги шартномаси 2025 йилга қадар мўлжалланган. “Transfermarkt”га кўра, Бернардунинг қиймати 80 миллион еврони ташкил этади.