Саудия Арабистонидаги барча мактабларда хитой тили ўргатилади
Олам
−
23 Август 2023
4033Саудия Арабистони Таълим вазирлиги подшоҳликдаги барча хусусий ва давлат мактабларига хитой тили дастурини жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда “Saudi Gazette” нашри хабар берди.
Айтилишича, Саудия Арабистони мактабларида хитой тили дарсларини жорий этиш тўғрисидаги қарор подшоҳлик валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг Хитойга сафари чоғида қабул қилинган. Валиаҳд шаҳзоданинг ташрифи чоғида Ар-Риёд ва Пекин подшоҳликдаги мактаб ва университетларнинг барча даражадаги ўқув дастурларига хитой тилини киритиш режасини ишлаб чиқишга келишиб олган.
Саудия Арабистони Таълим вазирлигига кўра, мактабларда ҳар якшанба ва душанба кунларининг тўртинчи дарси хитой тилини ўрганишга бағишланиши керак. Газетанинг ёзишича, бутун подшоҳликдаги таълим бошқармалари иккинчи синф ўқувчилари учун ихтисослаштирилган синфлар доирасида хитой тили дастурини амалга оширишга тайёрланмоқда.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Хитой ва Саудия Арабистони ўртасида турли соҳаларда, хусусан, иқтисодиётда икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. 2019 йил февраль ойида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Пекинга ташриф буюрди, 2022 йил декабрь ойида эса Хитой Раиси Си Цзиньпин подшоҳликка борди ва бу ташриф давомида томонлар стратегик шериклик тўғрисида битим тузди.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ва Эрон орасидаги алоқалар тикланишида ҳам Хитой воситачилик қилган эди.
LiveБарчаси