Саудия Арабистони қуролли кучлари шай ҳолатга келтирилди
Олам
−
01 Ноябрь 2023
24322Ямандаги “Ансор Аллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракати билан тўқнашувдан сўнг Саудия Арабистони қуролли кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари юқори шай ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, бундай буйруқ қироллик қуролли кучларининг барча бўлинмаларига ҳусийлар бир неча ҳафта олдин Саудия Арабистонига ракета ҳужумини амалга оширишга уринганидан кейин берилган. Бироқ ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб олинди. Ҳарбий шайликнинг яна бир сабаби Яман билан чегарадаги Жизан вилоятида ҳусийлар билан тўқнашувлар оқибатида Саудия Арабистонининг тўрт нафар аскарининг ўлими бўлди.
Тўқнашувлар ҳусийлар 19 октябрь куни Исроил томон қанотли ракеталар ва учувчисиз самолётлар отганидан кейин бошланган. Пентагон маълумотларига кўра, ракеталар Қизил денгизда АҚШ эсминеци томонидан тутиб олинган.
Саудия Арабистони Мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон Ол Сауд 30 октябрь куни Вашингтонда Байден маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари билан Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш оқибатлари, шунингдек, Ямандаги вазиятни муҳокама қилган.
Маълумот учун, Яманда ҳукумат кучлари ва “Ансор Аллоҳ” тарафдорлари ўртасидаги тўқнашув 2014 йил августидан бери давом этмоқда. Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг 2015 йил март ойида мамлакатга бостириб кириши ортидан кескинлик авж олди. 2022 йил апрелида можаро томонлари эришган сулҳ 2 октябрда тугади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 31 октябрь куни Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Исроилга қарши ҳарбий операция бошлаганини маълум қилганди.
LiveБарчаси