Саудия Арабистони Фаластинга биринчи элчисини тайинлади
Олам
−
13 Август 2023
5312Саудия Арабистонининг Иорданиядаги дипломатик миссияси раҳбари Наиф ас-Судейрий подшоҳликнинг Фаластиндаги норезидент элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
“Икки муқаддас масжид посбонининг Иорданиядаги элчиси Найиф ас-Судейрий Фаластин Президентининг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Мажди ал-Холидийга Фаластин Давлатидаги элчи ва Қуддус шаҳридаги бош консул сифатида ишонч ёрлиқларини топширди”, дейилади ТИВ баёнотида.
Шундай қилиб, Ал-Судейрий Саудия Арабистони манфаатларини Фаластинда ҳимоя қилган биринчи дипломатга айланди. Ишонч ёрлиқларини топшириш маросими Фаластиннинг Аммандаги элчихонаси биносида бўлиб ўтди.
Элчининг тайинланиши Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида юз берди. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, Вашингтон ва Ар-Риёд Саудия Арабистони томонидан Исроил давлатини тан олинишини назарда тутувчи келишув шартлари бўйича умумий маънода келишиб олган. Бунинг эвазига фаластинликларга нисбатан имтиёзлар, АҚШдан хавфсизлик кафолатлари ва тинч атом соҳасида ёрдам таклиф этилган. Нашр манбалари эҳтимолий келишув тафсилотлари яқин 9-12 ой ичида очиқланишини айтган.
Фаластин эса Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви араб дунёсида уни қўллаб-қувватлашни заифлаштириши ва мустақил Фаластин давлатини яратиш ҳаракатларига путур етказиши мумкинлигидан хавотирда. Хусусан, бундай хавотирларни Фаластин Ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий ҳам билдирган. Ўтган ҳафтада у Саудия-Исроил муносабатларини нормаллаштириш истиқболидан хавотирда эканлигини ва шунинг учун Ар-Риёд билан ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилишини айтган.
LiveБарчаси