Сатторий Мирзиёевга Эрон Президентининг саломини етказди

Жамият 5452
image

Бугун, 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси вице-президенти Сорена Сатторийни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Фан, инновация ва технологиялар соҳасида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашув аввалида Сорена Сатторий Шавкат Мирзиёевга Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Кейинги йилларда икки томонлама мулоқотлар ва ўзаро алмашинувларнинг фаоллашуви кузатилаётганини мамнуният билан қайд этилган. 

“Савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ҳам ортиб бормоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 73 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 22 фоизга ошди. Қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, изланиш ишлари ва венчур ташаббусларини молиялаштиришга хусусий секторни жалб қилиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги дастурларни қўллаб-қувватлаш, био- ва нанотехнологиялар, IT соҳаларида, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди”, дейилади хабарда.

Келажакда, шу жумладан бўлажак Ўзбекистон-Эрон инновация форуми ва ишбилармонлик тадбирлари доирасида қабул қилинадиган қўшма қарорлар ва имзоланадиган битимларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 55
Рейтинг: 3
t
×