Ўзбекистон Суриядан кимларни қидиряпти?
Таҳлил
−
19 Апрель
9377Россиянинг Москва вилояти яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида жорий йилнинг 22 март куни содир этилган ва 144 кишининг умрига зомин бўлган теракт ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Суриядаги террористик ташкилотлар сафига қўшилган, уларни молиявий қўллаб-қувватлаган жами 8 кишини қидирувга берди. Шунингдек, яна бир кишига нисбатан ўлим сабаби билан қидирув эълони бекор қилинди.
Хўш, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари кимларни қидиряпти, улар қандай жиноят содир этганликда айбланмоқда.
“Крокус теракти”дан кейин қидирувга берилган биринчи ўзбекистонлик – Абдуваҳоб Абдураҳимов. У Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиб келаётгани айтилмоқда.
Абдураҳимов 1999 йил Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. У айнан Россиянинг Тула шаҳрида мавсумий ишлар билан шуғулланиб юрган вақтида, "Жавҳад ан-нусра" халқаро террористик ташкилотнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" гуруҳининг ғоявий етакчилари таъсирига тушиб қолган. Кейинчалик ушбу ташкилот ғояларини қўллаб-қувватлаб, 2022 йилда Россиядан Туркияга, у ердан эса Сурияга ўтиб, террорчилик ташкилоти таркибида фаол жанговар ҳаракатларда қатнашиб келган.
Абдуваҳоб Абдураҳимов ҳозирда ҳам жанговар ҳаракатларда иштирок этиб келаётгани аниқланган. Олиб борилган суриштирувлар натижасида унга нисбатан 2023 йилда Жиноят кодексининг 155-2- (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми 244-1-моддалари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Жорий йилнинг 8 апрелига келиб эса 2012 йилда Россия Федерацияси орқали Туркияга, у ердан Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилган Жалолиддин Рустамович Мансуров қидирувга берилгани маълум қилинди.
1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Мансуров 2005 йилда Учтепа туманидаги аграр коллежига ўқишга қабул қилинади, бироқ 2007 йилда 2-курсни битирмай, ўқишни ташлаб кетади ва бўёқчилик ишларида отасига ёрдам бериб, шу касбни эгаллайди.
2010 йилга келиб Жалолиддин янги дўстлар орттиради. Отаси ўша вақтларда уйининг олдида ўғлининг Шерзод исмли нотаниш йигит билан гаплашиб турганини кўради. Бир неча кундан сўнг йигит уйидан бутунлай чиқиб кетади ва ҳозиргача ота-боланинг ўртасида алоқа мавжуд эмас.
Ўша йили Россияга, у ердан Туркияга борган Мансуров 2012 йилда экстремистлар таъсирига тушиб, Сурия давлатига ўтиб кетади ва террорчи гуруҳлар таркибига қўшилади. 4 нафар фарзанднинг отаси бўлган йигит қонуний аёли билан ажрашиб, бошқа аёлни ўзи билан Сурияга олиб кетади.
2015 йилда Мансуровнинг ўлими ҳақида хабар тарқалишига қарамай, бу расман ўз тасдиғини топмаган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жалолиддин Мансуровга нисбатан қидирув эълон қилинган.
2020 йилдан бошлаб "Жиҳодчилар" диний-экстремистик оқими аъзоси сифатида рўйхатга олинган Миролим Ўлмасовнинг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан расман қидирувга берилган сўнгги 10 кунликда маълум бўлди.
1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган "Абдул Зуфар" лақабли Миролим Ўлмасов 2018 йилда ишлаш баҳонасида Туркияга кетган, у ердан "Таҳрир Уш-Шом" террорчилик ташкилотига бирлашиш мақсадида Сурия давлатига ўтиб, террорчилар сафига қўшилган.
Фуқаро ақидапарастлик ғояларига берилиб кетганидан орадан узоқ вақт ўтишига қарамай, оиласи билан алоқага чиқмайди. Биргина 2020 йилда синфдош дўсти билан Telegram мессенжери орқали гаплашган Ўлмасов, Суриядалигини исботловчи расмни жўнатади.
Қидирувга берилган шахслар орасида диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, уларни молиялаштиргани аниқланган Дилшод Қодиров ҳам бор.
1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Қодиров 2006 йилда диний экстремистик оқимлар таъсирида Бирлашган Араб Амирликлари орқали Сурияга ўтиб, террорчи гуруҳлар сафига қўшилган.
Қодиров Тошкентда яшаган вақтида тадбиркорлик фаолиятини олиб борган. Бундан ташқари, у мунтазам спорт билан ҳам шуғулланган. Маълумотларга кўра, Қодиров террорчилик фаолиятини хориждаги диний экстремистик гуруҳларга молиявий ёрдам кўрсатишдан бошлаган. У топган даромадини четдаги шерикларига жўнатиб турган. Ҳозирги кунда унинг айнан қаерда экани маълум эмас.
Орадан узоқ вақт ўтишига қарамай, Дилшод Қодиров яқинлари билан алоқага чиқмаган. 2010 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Дилшод Ҳожимуродович Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва қидирув эълон қилинган. Аммо бу ҳақдаги эълон орадан 14 йил ўтиб, сўнгги 10 кунликда эълон қилинди.
17 ёшида яширин йўллар орқали Суриядаги террорчилар сафига қўшилган Сирожиддин Шокиров жанг майдонида ўлдирилган бўлиб чиқди.
Сирожиддин Шокиров 1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2014 йилда Сурия давлатидаги террорчилар сафига қўшилади. 2015 йилда унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Шокиров 17 ёшга тўлиб-тўлмай Ўзбекистонни тарк этиб, Қозоғистон Республикаси орқали Туркияга боради ва у ердан экстремистик оқим ёрдамида яширин йўллар билан Сурия давлатига ўтиб, ИШИД халқаро террорчилик ташкилотига бирлашиб, унинг таркибида бузғунчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида амалий ўқув машғулотларини ўтайди.
Тезкор маълумотларга кўра, Шокиров жангарилик ҳаракатларида қатнашиб вафот этган ва унга нисбатан қўлланилган қидирув эълони тўхтатилган.
2014 йилда Суриядаги террорчилар сафига қўшилган Азиз Тошкентбоев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан қидирувга берилди.
Билдирилишича, Азиз Тошкентбоев Тойирович 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Лақаби – “Исо чавандоз”. Миллати – ўзбек, ўрта маълумотли. Муқаддам судланмаган.
Азиз Тошкентбоев оиласидан ажралиб, 2012 йилда ишлаш мақсадида Туркияга борганидан сўнг, диний ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушиб қолган. У 2014 йилдан бери Сурияга ўтиб, террорчи гуруҳлар сафида жангларда иштирок этади.
Тақиқланган диний маърузаларни эшитиб, жиҳод қилиш учун Сурияга чиқиб кетган яна бир Ўзбекистон фуқароси Шариф Убайдуллаевга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинди.
У 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган ва ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси ҳисобланади.
У 2021 йил 30 август куни Сурия давлатида фаолият олиб бораётган Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД) ташкилотига қўшилиш мақсадида Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркияга учиб, у ердан Сурияга ўтган ва ҳозирда Идлиб шаҳрида эканлиги аниқланган.
Убайдуллаевга нисбатан 2022 йил 15 июнь куни Ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Москвада ўз бизнесини йўлга қўйган бўлса-да, тинч ҳаётидан воз кечиб, Суриядаги террорчилар сафига қўшилган Алишер Тожибоев халқаро қидирувга берилди.
1970 йилда Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳрида туғилган Алишер Тожибоев ишлаб, пул топиш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига бориб-келиб юрган. У қурилиш ишларида ишлаб юриб, 2004 йилда чечен миллатига мансуб Ислом исмли шахснинг диний экстремистик оқим ғоялари таъсирига тушган ва шу пайтда ўзи бошчилигида Москва жамоатини ташкил қилган.
Тожибоев 2008 йилда Москвада “Ҳалол” номли тамаддихона очади. Ишлаб, пул топиш мақсадида борган танишларини ишга олиб, бу ерда уларни экстремистик оқим ғоялари билан заҳарлаб, ўзининг жамоатини кенгайтиради.
2012 йилда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Алишер Тожибоев терговдан яширинган.
Ҳозирда махсус қидирувда бўлган Тожибоев 2013 йилда Москва орқали Туркияга, у ердан Сурияга ўтган. Ҳозирги кунда у Суриядаги халқаро террористик гуруҳлар сафида экани айтилади.
"Тавҳид ва Жиҳод катибаси" террористик ташкилоти таркибига қўшилиб, жанговар ҳаракатларда қатнашаётган 26 яшар Сардор Азимов қидирилмоқда.
У 1998 йилда Тошкент вилоятида туғилган бўлиб, Россияга ишлаш учун кетган. Азимов Москвада ижтимоий тармоқ орқали турли шахслар билан танишган ва уларнинг таъсирига тушиб қолган. Шу йўл билан Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилган.
Маълум қилинишича, ҳозирда Сардор Азимовга нисбатан Жиноят кодексининг 244-2 моддаси 1-қисми билан (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, унга нисбатан расман қидирув эълон қилинган.
Сўнгги 10 кунликда қидирувга берилган охирги ўзбекистонлик 28 яшар Муҳаммадий Аъзамжонов.
У 1996 йилда Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида туғилган. У 2018 йилда Жанубий Кореяда жойлашган SEJONG институтига ўқишга кирган. Ўқиш давомида мавсумий ишлар билан шуғулланиб юриб, ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари таъсирига тушган.
2020 йилнинг февраль ойида Туркияга ўтиб, Истанбул шаҳридаги мадрасада таълим олган, октябрь ойида Суриядаги “Тавҳид вал жиҳод катибаси” жамоатига қўшилган ва жанговар тайёргарликдан ўтган.
Ҳозирда Суриянинг Идлиб шаҳрида жанговар ҳаракатларда иштирок этиб келаётгани ҳақида маълумот олинган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Муҳаммадий Аъзамжоновга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.