Сардор Умурзоқов қаерда? У кўриниш берди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
63281Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланиб, Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан олинган Сардор Умурзоқовнинг жамоатчиликка кўриниш бермаётгани, унга яқин амалдорларнинг эса лавозимидан бўшатилгани ёки қамалаётгани ҳақида гап-сўзлар болалаётгани фонида Умурзоқов кўриниш берди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Linkedin саҳифасига ўзининг Сардор Умурзоқов билан тушган суратини жойлади.
“Ўтган ҳафта Тошкентда яқин дўстим, Президент Мирзиёевнинг маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов билан жуда яхши суҳбатлар бўлди. Президентни кўргани бирга бориб, 2024 йилга мўлжалланган иш дастуримизни келишиб олдик. Январь ойи бошида Тошкентга қайтаман”, дея суратга изоҳ ёзган Чакрабарти.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг август ойида 2022 йилнинг 16 июлидан бошлаб Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Сардор Умурзоқов вазифасидан озод этилди. Умурзоқовнинг нима учун бу Администрация раҳбарлигидан четлатилгани сабаблари очиқланмади, аммо унинг кетиши ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозими ҳам тугатилди.
Шунингдек, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Администрация тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Администрация раҳбари лавозимига мос равишда унинг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари, Администрация раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари котибиятлари ва ушбу котибиятлар фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси ҳам тугатилди.
Умурзоқов эса Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани айтилди.
Сардор Умурзоқов 1977 йил 23 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва Буюк Британиянинг Рэдинг университетини тамомлаган. 2007 йилда Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2014-2017 йилларда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, 2017-2018 йилларда раис ўринбосари бўлган. Уюшма қайта ташкил этилиб, “Ўзчармсаноат”га айлантирилгач, 2018-2019 йилларда унга раислик қилган. 2019 йил 28 январда Инвестициялар ва Ташқи савдо вазири этиб тайинланган. 2020 йилнинг март ойидан Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида фаолият юритган.
Охирги марта Сардор Умурзоқов 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашувида кўриниш берганди.
LiveБарчаси