Сардор Умурзоқов узоқ танаффусдан кейин илк бор Ўзбекистон номидан расмий учрашув ўтказди

Жамият

image
Сардор Умурзоқовга қўшимча ваколатлар берилди north_east

Сардор Умурзоқовга қўшимча ваколатлар берилди

Ўзбекистон Президентининг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов Хитой пойтахти Пекинда қатор учрашувлар ўтказмоқда. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, Умурзоқов 24 февраль куни Пекинда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Лю Цзяньчао билан учрашган.

“Томонлар икки давлат раҳбарлари эришган муҳим келишувларни амалга ошириш, партиялараро алмашинувни кучайтириш, давлат бошқаруви соҳасида ўзаро тажриба алмашишни чуқурлаштириш ва Хитой-Ўзбекистон муносабатларини сифатли ривожлантиришга кўмаклашиш юзасидан фикр алмашди”, дейилади хабарда.

Кеча, 25 февраль куни эса Сардор Умурзоқов Хитой Коммунистик партияси Сиёсий бюроси аъзоси, Марказий қўмита тарғибот бўлими мудири Ли Шулэй билан учрашди.

Ли Шулэйнинг сўзларига кўра, ўтган йили икки давлат раҳбарлари Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янги тарихий чўққи – янги даврда ҳар томонлама кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришларини маълум қилган.

“Хитой Ўзбекистон билан икки давлат раҳбарлари эришган муҳим консенсусни амалга ошириш, партиялараро алмашинувни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алмашинув ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш, икки томонлама муносабатларни сифатли ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр”, дея қўшимча қилди у.

Ўз навбатида, Сардор Умурзоқов Ўзбекистон Хитой билан барча соҳаларда алмашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, икки давлат раҳбарлари белгилаган йўналишда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 16 июлидан 2023 йилнинг 17 августигача Президент Администрацияси раҳбари сифатида ишлаган Умурзоқов ушбу лавозим тугатилганидан кейин Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди. Бироқ шундан кейин у жамоатчиликка кам кўриниш берди. Охирги марта у ўтган йилнинг июль ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти ва Грузиянинг собиқ бош вазири Георгий Квирикашвили билан учрашгани жамоатчиликка маълум бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Хитой Сардор Умурзоқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг