Саратонга чалинган Пентагон раҳбари шифохонадан чиқди
Олам
−
16 Январь
3283Простата саратони ташхиси қўйилган АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг даволаниши якунлангани ва у шифохонадан чиқарилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Пентагон баёнот берди.
"Тиббий ходимлар билан маслаҳатлашувдан сўнг, вазир Остин бугун Вальтер Рид миллий ҳарбий тиббиёт марказидан чиқарилди", дейилади расмий хабарда.
Қайд этиш жоизки, Мудофаа вазири Остиннинг шифохонага ётқизилгани кечикиб эълон қилиниши мамлакатда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
Пентагон 5 январь куни берган ёзма баёнотида, Остиннинг 1 январь куни шифохонага ётқизилгани ва унинг аҳволи яхши эканини айтган.
Кейинчалик маълум бўлишича, юқори мартабали раҳбарлар, жумладан Президент Жо Байден, шунингдек, Пентагон расмийлари ва Конгресс аъзолари Остиннинг соғлиғи бўйича муаммоларидан бир неча кун ўтиб, хабар топган.
Узоқ давом этган мунозаралардан сўнг, Пентагон котиби Остин 2023 йил 22 декабрда шифохонага ётқизилгани ва операциядан кейин уйига жавоб берилгани, аммо муолажа асоратлари туфайли 1 январь куни қайта шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот берди.
Остиннинг шифохонага ётқизилиши ҳақида юқори мартабали амалдорлар ва жамоатчиликка, шу жумладан Оқ уйга хабар берилмагани эътирозларга сабаб бўлди. Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитаси Мудофаа вазирининг "махфий" шифохонага ётқизилиши бўйича расмий текширув эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Пентагон раҳбари Ллойд Остин Ямандаги ҳусийларнинг объектларига берилган зарбаларни шифохонадан назорат қилгани айтилганди.
LiveБарчаси