Санкт-Петербургда портлаш юз берди
Олам
−
03 Апрель 2023
13383Кеча, 2 апрель куни Санкт-Петербургдаги кафеда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, портлаш оқибатида таниқли блогер ва уруш мухбири Владлен Татарский ҳалок бўлган. Тахминларга кўра, Университетская қирғоғидаги кафеда ташриф буюрувчилардан бири олиб келган қутидаги портловчи қурилма ишга тушган. Унинг ичида блогерга берилган ҳайкалча бўлган.
Россия ҳуқуқ-тартибот органларига ҳаволаси бўлган Маш Telegram канали қўлида микрофон билан Татарскийга дубулға кийган аскар статуеткаси совға қилинаётгани акс этган видеони жойлаштирган. Унда айтилишича, портлаш бир неча дақиқадан сўнг содир бўлган.
Асл исми Максим Фомин бўлган Татарскийнинг Telegram’да 560 000 дан ортиқ обуначиси бор. У Россиянинг Украинадаги уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ва армия етакчиларини тез-тез танқид қилган ҳарбий блогерларнинг энг кўзга кўринганларидан бири бўлган.
“Вагнер” гуруҳи раҳбари Пригожин эса портлаш содир бўлган кафе аввал унга тегишли бўлгани, бироқ кейинчалик у ерда йиғилишлар ўтказаётган фаолларга берилганини маълум қилган. Тадбир ташкилотчиси эса хавфсизлик чораларини кўрганини, аммо бу етарли бўлмаганини айтган Кўплаб Россия расмийлари мазкур портлашда Украинани айблаган. Хусусан, Донецк вилоятининг Россия томонидан ишғол қилинган қисмининг раҳбари Денис Пушилин оммавий равишда Украина айбдор деган фикрни айтган.
“У шафқатсизларча ўлдирилган. Террорчилар бошқача қила олмайди. Киев режими террорчи режим. Уни йўқ қилиш керак, уни тўхтатишнинг бошқа йўли йўқ”, деган Пушилин.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова эса яқинда Россияда америкалик журналист ҳибсга олингандан сўнг АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан билдирилган норозиликларни эслаган.
“Вашингтон, Лондон ва Парижда ҳеч қандай муносабат бўлмагани уларнинг журналистлар фаровонлиги ва сўз эркинлиги ҳақида қайғураётганидан далолат беради. Киевдаги муносабат ҳайратланарли, Ғарб грантларини олганлар содир бўлган воқеадан хурсандлигини яшира олмаяпти”, деб ёзилган вазирлик сайтида.
Украина тарафи эса бу айбловларни кескин рад этган. Хусусан, Украина Президенти маслахатчиси Михаил Подоляк ўз Twitter саҳифасида бу Россиядаги ички терроризм экани, бу ҳодиса “пишган хўппоз ёрилиши каби” вақт масаласи бўлганини ёзган.
“Ўргимчаклар бир-бирини ейишяпти”, деган Подоляк.
Сўнгги маълумотларга кўра, портлашда Татарскийдан ташқари 25 киши жароҳат олган, уларнинг 19 нафари шифохонага ётқизилган.
LiveБарчаси