Санкт-Петербург Ўзбекистонда рус тили синфхоналарини очади

Жамият

image

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш учун махсус синфхоналар очишга кўмаклашади. Бу бўйича жорий йилнинг 9 сентябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Бегловнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида келишувга эришилди.

Қайд этилишича, Беглов ташриф доирасида Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий билан гуманитар соҳадаги ҳамкорликни муҳокама қилган.

“Тошкент епархияси тарихи Санкт-Петербург билан боғлиқ. Унинг биринчи бош руҳонийси муҳтарам Софония бўлган. Унинг хизмат йиллари бизнинг шаҳримиз билан чамбарчас боғлиқ. Православ руҳонийлари Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган. Бизнинг руҳонийларимиз ва ислом уламолари саъй-ҳаракатлари билан насронийлар ва мусулмонлар ўртасида яхши муносабатлар йўлга қўйилган”, дейди Беглов.

Учрашув давомида томонлар епархия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда рус тилини ўргатиш учун синфхоналарни ташкил этишга келишиб олган. Петербург уларга ўқув материалларини тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Бундан ташқари, шаҳар қўшма маърифий лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилган. Жумладан, Петербургдан ва Ўзбекистон шаҳарларидан иштирокчилар учун православ маданияти асосларини ўргатиш учун ёзги лагерларни ташкил этиш таклиф қилинган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 9 сентябрь куни Петербург делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бошланганди. Ташриф давомида Беглов “Ленинград ёдгорлиги”нинг тантанали очилишида қатнашган, шунингдек, Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов билан 2028 йилгача бўлган ҳамкорликнинг янгиланган режасини имзолаган.

Қайд этиш жоиз, Россия Президенти Владимир Путиннинг 26-27 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида Москва ва Тошкент рус тилини ўрганиш соҳасида академик алмашинув ва ҳамкорликни фаоллаштириш ниятида экани қайд этилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Александр Беглов бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Учрашувда Ўзбекистон – Россия ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтириш, энг аввало, Санкт-Петербург шаҳри билан иқтисодий кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Санкт-Петербург Александр Беглов рус тили синфхонаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг