Санамай саккиз дема. Turkish Airlines`га Ўзбекистонга парвоз учун рухсат берилмаган

Жамият

image

Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси 1 июлдан Ўзбекистон билан авиақатновларни тиклашини ва рейслар жадвалини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик. Хорижий авиакомпаниянинг Ўзбекистон билан парвозларни йўлга қўйиши юзасидан Транспорт вазирлиги Матбуот котиби Навруз Ашурматовдан изоҳ олдик.

Ашурматовнинг таъкидлашича, Turkish Airlines`нинг Ўзбекистонга парвозларни тиклаши учун рухсат берилмаган. Бу масала икки давлатнинг ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида ҳал этилади.

“Turkish Airlines ва Air Astana 1 июлдан парвозларни тиклашини айтиб, ўз режасини эълон қилди. Бу бошқа давлатнинг авиакомпанияси. Парвозларни тиклаш давлатларнинг ҳукуматлари ўртасидаги ўзаро келишув асосида амалга оширилади. Ҳозир бирорта хорижий авиакомпанияга Ўзбекистонга авиақатновларни тиклашга рухсат берилмаган”, деди Ашурматов.

Навруз Ашурматовнинг маълум қилишча, халқаро парвозларни тиклаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинади. Транспорт вазирлиги айнан қайси йўналишлар бўйича парвозларни тиклаш бўйича таклифларни киритган.

“Республика махсус комиссияси дунё давлатларидаги вазиятни ўрганиб чиқиб, аниқ йўналишда қайси санадан бошлаб, қанча частотада қандай карантин қоидаларига амал қилган ҳолда парвозларни тиклаш бўйича хулосасини беради”, деди Ашурматов.

Республика махсус комиссияси қарори билан 15 июндан халқаро парвозларни қисман тиклашга рухсат берилганди. Аммо парвозлар тикланмади. Ашурматов бу борада ҳам изоҳ бериб ўтди.

Унинг қайд этишича, комиссия қарор қабул қилди. Эндиликда тегишли вазирлик ва идоралар қайси давлатлар билан парвозларни тиклаш мумкинлиги бўйича ўз таклифларини беради. Шундан сўнг, комиссия якуний қарор чиқаради.


Мақола муаллифи

Теглар

Turkish Airlines Навруз Ашурматов

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг