San Jay устидан шикоят ҳужжатлари судга оширилди

Маданият-санъат

image

Хонанда San Jay Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Гулбадан”, “Карвон” ва “Атиргулим атрингни соч” номли қўшиқларини муаллифнинг рухсатисиз ижро этгани учун жавобгарликка тортилиб, қонун олдида жавоб бериши мумкин. Айни вақтда ушбу масала бўйича ҳужжатлар судга оширилган. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, Агентликка San Jay  тахаллуси билан ижод қилувчи хонанда Санжар Жавбердиев “Гулбадан”, “Атиргулим атрингни соч”, “Карвон” номли қўшиқ ва шеърларни  муаллифларнинг розилигисиз, асар яхлитлигини бузган ҳолда ижро этгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ариза келиб тушган. 

Маълум бўлишича, хонанда Санжар Жавбердиев (San Jay  ) қўшиқ муаллифи Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ҳамда шеърлар муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдан ҳеч қандай розилик олмасдан ва улар билан шартнома тузмасдан қўшиқ аслини ўзгартирган ҳолда ижро этиб келган. 

Бу эса Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ва муаллиф Усмон Азимовнинг ишончли вакили сифатида хонанда Санжар Жавбердиев “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунни бузганлиги учун чора кўриш юзасидан ариза билан мурожаат қилишига сабаб бўлган. 

Маълумот ўрнида, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига кўра, асар (қўшиқ)ни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади. 

“Аммо бизнинг ҳолатимизда бунинг акси бўлгани туфайли қўшиқларга бўлган муаллифлик ҳуқуқи жиддий равишда бузилган. Натижада Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 177(1)-моддасининг биринчи қисмида белгиланган асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш ҳолатлари мавжуд деб ҳисобланиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ва тегишлилиги бўйича судга юборилди”, дейилади Агентлик баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

San Jay

Баҳолаганлар

443

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг