Ўзбекистонлик хонанда Алишер Усмоновга атаб қўшиқ куйлади
Маданият-санъат
−
23 Август 2019
19006Мусиқанинг рэп жанрида ижод қилувчи ўзбекистонлик 41 яшар хонанда San Jay (Санжар Жавбердиев) таниқли миллиардер Алишер Усмоновга атаб қўшиқ куйлади.
Хонанда ушбу қўшиқдан парчани Instagram’даги саҳифасига жойлаштириб, қўшиқ Усмоновнинг таваллуд куни муносабати билан ёзилганини айтган.
Бир неча йиллардан буён Россияда истиқомат қилиб келаётган ўзбек миллатига мансуб бўлган, асли наманганлик Алишер Усмонов жорий йилнинг 9 сентябрь куни 66 ёшни қаршилайди. Хонанданинг таъкидланишича, бу қўшиқнинг дастлабки (демо) версияси ёзилди.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов “USM Holding” акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари, “Металлоинвест”, “Мегафон” компанияларини назорат қилади ва Mail.Ru Group ҳиссадори ҳисобланади. “Forbes” журнали рейтингида 1,1 миллиард доллар даромад билан бешинчи ўринни эгаллади.
San Jay Ўзбекистонда 2018 йил ўрталарига келиб ижод қилишни бошлади. Навоийлик бўлган хонанда кўп йиллар Чеченистонда фаолият олиб боргани маълум. Унинг Шерали Жўраев ижросидаги “Карвон кўрдим” қўшиғини қайта куйлаши кўплаб мусиқа ихлосмандлари томонидан танқидларга учради. Бироқ, ёшлар аудиторияси қўшиқни илиқ кутиб олди.
Хонандага ташқи кўриниши, хусусан соқоли сабаб “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан маълум вақт тақиқ қўйилди. Айни дамда San Jay концерт-томоша фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга.
Ўзбек бойларига атаб қўшиқ куйлаш билан боғлиқ ҳолат аввалдан учраб келган. Бундан аввал собиқ иттифоқда танилган рус хонандаларидан бир қанчаси, қолаверса бир қатор ўзбек хонандалари ўзбекистонлик таниқли бойлардан бири, спорт ҳомийси, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиевга ҳам атаб қўшиқ куйлаган.
LiveБарчаси