“Samarqand darvoza” ёнида шар сотувчи йигит пичоқланиб, вафот этди

3-саҳифа 12258
image
-

Пойтахт Тошкентдаги “Samarqand darvoza” савдо-кўнгилочар маркази ёнида қўлбола ҳаво шарларини сотаётган йигитлар ўртасида жанжал келиб чиқди. Оқибатда йигитлар бири олган оғир тан жароҳати сабаб вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда. 

Гап шундаки, жорий йилнинг 5 апрель куни соат 22:00 дан 23:30 лар оралиғида 22 ёшли Достонжон Қ. Шайхонтоҳур тумани Самарқанд дарвоза кўчасида жойлашган автомашиналар ювиш шохобчаси ёнида Алишер А. билан жанжаллашиб қолади. Шу вақт Достонжон Қ. Алишер А.га ёнида бўлган пичоқ билан жароҳат етказган. Оқибатда шу куни соат 04:45да Алишер А. олган жароҳатлари туфайли кўрсатилган муолажаларга қарамай шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Достонжон Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари жараёнида, ушбу жанжалнинг келиб чиқишига Достонжон Қ. ва Алишер А. ҳамда уларнинг ёнида бўлган шериклари “Samarqand darvoza” савдо-кўнгилочар маркази ёнида қўлбола ҳаво шарларини сотиб турган вақтларида жой талашишлари сабаб бўлгани аниқланган.

Ҳозирда ушбу жанжалда иштирок этган барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, улар билан тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 506
Рейтинг: 3
t
×