Самарқандга дуо кетганми? Нега Самарқанд ҳокими бўлганлар Вазирлар Маҳкамасига кўтарилади?
Таҳлил
−
27 Февраль 2020
28737Ўзбекистон шароитида Вазирлар Маҳкамаси шахсий таркибидан ўрин олувчи кадрларнинг асосий қисми кўп ҳолларда Самарқанд вилоятида қайсидир раҳбарлик лавозимида ишлаган бўларди. Бу норасмий анъана. Айтайлик мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Бош вазир бўлгунга қадар, 2001-2003 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.
Қолаверса, бир вақтлар Бош вазир ўринбосари бўлган Зойир Мирзаев ҳам Самарқанд ҳокими бўлгач, бирдан Ҳукуматдаги асосий ўринни эгаллаган. Бу сафарги геолокация – Бухоро.
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 27 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига кўрсатилди. Депутатлар номзодни тасдиқладилар. Эндиликда Ўзбекистон Президенти ўз фармони билан Ўктам Барноевни лавозимга тайинлаши керак.
ХЎШ, ЎКТАМ БАРНОЕВ КИМ. УНИНГ ҚАНДАЙ ЎТМИШИ БОР?
Барноев ёш кўрингани билан аллақачон 56 ёшни уриб қўйган. У Бухорога бошқа вилоятдан келмаган. Шу ернинг сувини ичиб, тузини еб улғайган. 1964 йилнинг 4 октябрь куни Бухоро вилояти, Ромитон туманида таваллуд топган Барноев, 2016 йилдан буён Бухоро вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Унинг маълумоти – олий. У 1986 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.
1986-1995 йилларда Бухоро вилояти 6-сон қурилаётган корхоналар бирлашган дирекциясининг техник бўлими муҳандиси, техник назорат муҳандиси, дирекция директорининг қурилиш бўйича ўринбосари, дирекция директорининг молиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
1995 йилдан 1997 йилгача “Амубухороканалқурилиш” бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт бўйича ўринбосари бўлган.
1997 йилдан буён Барноевнинг фаолияти маҳаллий ва республика миқёсидаги бошқарув органлари билан боғланди. 1997-2000 йилларда у Бухоро вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлади.
2000 йилда эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳисоб ва ҳисобот услубиёти бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига кўтарилди. Кўпга бормай, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги иқтисодий ночор корхоналар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи бўлди ва бу лавозимда 2001 йилгача фаолият юритди.
2001-2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини санация қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи бўлди.
2002 йилда Ўктам Барноев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида иш бошлади. У Агросаноат комплекси етакчи мутахассиси эди ва бу лавозимда 2004 йилгача ишлади. Шу йили Агросаноат ва сув хўжалиги комплекслари масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлди.
2005 йилда Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлар масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимини эгаллади.
2007 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлди.
Юқорида Ҳукумат раёсатидан ўрин олганларнинг асосий қисми Самарқанд вилоятида ҳокимлик лавозимида ишлаганини қайд этган эдик. Аслида Барноев ҳам Самарқандга бегона эмас. У ҳам 2008-2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. Негадир у ўзидан аввалги ва кейинги раҳбарлар каби Самарқанд вилояти ҳокимлигидан тўғридан-тўғри Ҳукуматга сакраш қилмади. 2011 йилдан то 2016 йилгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Ўзсувназорат” республика сув инспексияси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлади. 2016 йилда эса бир муддат Қишлок ва сув хўжалиги вазирлиги “Ўзсувназорат” республика сув инспексияси бошлиғи ва “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ бошқаруви раиси бўлдию, шу йилнинг ўзида Бухоро вилояти ҳокимлигига тайинланди.
Тартиб-таомилга кўра, у айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ҳам.
Барноев ўтган давр оралиғида Бухоро ҳокимлигини қанчалик эплагани, вилоятнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда қанчалик ривожлантиргани, тадбиркорлик муҳитига қанчалик йўл очиб бергани ва энг муҳими маҳаллий аҳолининг дардига қай даражада дармон бўла олганига биз эмас, уларнинг ўзи баҳо бергани маъқул.
Дарвоқе, Барноев билганимиз қадар Самарқандда раҳбар бўлиб Ҳукуматга кўтарилаётган учинчи кадр. Самарқандга дуо кетганми?
LiveБарчаси