Самарқандга биринчи хонимлар ҳам тўпланяпти

Жамият 10645
image

Аввал хабар берганимиздек, 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.

QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, тадбирга айрим етакчилар рафиқалари – биринчи хонимлар билан ташриф буюрмоқда. Хусусан, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилади. 

Шунингдек, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳам рафиқаси – мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева билан келиши кутилмоқда. 

У қадар тасдиғини топмаган маълумотларга кўра, Қирғиз Республикаси Биринчи хоними ҳам турмуш ўртоғи Садир Жапаров билан Самарқандга сафар қилиши мумкин.

Маълумки, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан кеча, 9 ноябрь куни Самарқандга етиб келди. Унга рафиқаси Анико Леваи ҳамроҳлик қиляпти. 

Юқорида номи келтирилган Биринчи хонимлар орасида Озарбайжон Президентининг рафиқаси Меҳрибон Алиева Ўзбекистонга биринчи марта келмоқда. Гап шундаки, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди. Қолаверса, 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Ушбу ташрифларда унга Меҳрибон Алиева ҳамроҳлик қилгани йўқ. 

Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари давлат раҳбарларининг рафиқаларига Ўзбекистон Президентининг рафиқаси – биринчи хоним Зироат Мирзиёева пешвоз чиқади. Биринчи хонимлар учун Самарқандда махсус маданий дастурлар тайёрланмоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 270
Рейтинг: 3.1
t
×