Самарқанддан Исроилга парвоз бекор қилинди
Жамият
−
13 Июнь 4160 1 дақиқа
Исроилнинг Тель-Авив шаҳридаги Бен-Гурион аэропорти ва минтақа ҳаво маконининг вақтинча ёпилиши муносабати билан жорий йилнинг 15 июнь куни амалга оширилиши керак бўлган 9S 501/502 Самарқанд-Тель-Авив рейси бекор қилинди. Бу ҳақда “Air Samarkand” авиакомпанияси матбуот хизмати хабар берди.
Компания Исроилга учадиган бошқа саналардаги рейслар ҳақида қўшимча равишда хабар берилишини қайд этган. Рейси бекор қилинган барча йўловчилар олдиндан e-mail орқали, шунингдек чипталарни харид қилган жойларда – кассалар ва сайёҳлик агентликларида хабардор қилинади.
Қайд этилишича, Самарқанд – Тель-Авив рейсига чипта олганлар пулни тўлиқ қайтариб олиши ёки парвозни бошқа санага кўчириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан Тошкентдан учиши керак бўлган бир нечта рейслар бекор қилинганди. Булар “Flydubai” авиакомпаниясининг Дубай - Тошкент - Дубай йўналиши бўйича FZ-1945/1946 рейслари, “Air Arabia” авиакомпаниясининг Шаржа - Тошкент - Шаржа йўналиши бўйича G9-270/271 рейслари ҳамда “Asia Union” авиакомпаниясининг Тошкент - Мадина - Тошкент йўналиши бўйича 7q-141/142 рейслари эди.