Самарқанддаги ЙТҲ: 6 киши вафот этгани ростми?
3-саҳифа
−
13 Февраль
8632Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 11 февраль куни М-39 автомобиль йўлининг Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳудудидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрига концертга кетаётган автобус Cobalt билан тўқнашиб, ағдарилгани ва ҳодиса оқибатида 6 киши вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ жабрланганлар ҳақида маълумот олиш мақсадида Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Тозагул Холиқова билан боғланди.
Унинг билдиришича, шифохонага ўша куни 23 нафар аёл олиб келинган. Уларнинг 16 нафари жарроҳлик бўлимига, 2 нафари жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган ва экспертизага юборилган. Ҳозирда жарроҳлик бўлимидаги 16 киши даволаниб, уйига жавоб берилган. Жонлантириш бўлимида 2 нафар бемор қолмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. 6 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Транспорт бошқармаси ҳодиса юзасидан маълумот берган эди. Унга кўра, 11 февраль куни соат 7:00 атрофида Жомбой туманининг Самарқанд маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1079-километрида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи Zhong Tong русумли автобус ҳаракатланиб келаётиб, кўприк устида йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг якуний хулосасига кўра, жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.