Самарқанддаги ШҲТ саммитида бир нечта давлатга алоҳида мақом бериш масалалари кўрилади – Норов
Жамият
−
29 Июль 2022
9608Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган саммитида бир қатор мамлакатларнинг ШҲТдаги мақомига аниқлик киритилади. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни Тошкентда ўтган ШҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов айтиб ўтди.
Норовнинг сўзларига кўра, Миср, Саудия Арабистони ва Қатарга ШҲТнинг мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланишга тайёр.
Шунингдек, Самарқанд саммитида Баҳрайн ва Мальдивга мулоқот бўйича шерик мақомини беришни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳам кўзда тутилган.
“Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга ШҲТ ҳузурида кузатувчи мақомини бериш масаласида консолидациялашган ёндошувларни ишлаб чиқиш ҳам керак бўлади”, деган Норов.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги саммитда Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига олиш тўғрисида қарор қабул қилиниши кутиляпти. Шу билан бирга Беларуснинг ташкилотга қўшилиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилади.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) доимий фаолият кўрсатувчи минтақавий халқаро бирлашма бўлиб, 2001 йил 15 июнь куни Шанхайда ташкил этилган. ШҲТга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзодир. Бу йил ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтди.
LiveБарчаси