Самарқанддаги мактаб ҳожатхонасига камера ўрнатилгани ростми? Изоҳ берилди
Жамият
−
11 Апрель 2023
16857Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги мактабнинг ҳожатхонасига камера ўрнатилгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Унга кўра, ушбу мурожаат Самарқанд тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари томонидан атрофлича ўрганилган.
Ўрганишлар давомида мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Ш. ўғил болалар ҳожатхонасида тозаликка риоя этилмаётганлиги сабабли уларни тартибга чақириш учун ҳожатхонада (муляж) яроқсиз камера ўрнатганлиги аниқланган.
Ушбу камера яроқсиз бўлиб, тармоққа уланмаган, ўрганишлардан сўнг ускуна олиб ташланган.
Ишчи гуруҳи томонидан мактаб маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Мактабда шундай вазиятга йўл қўйганлиги учун маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Ш.га нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Қўқон педагогика институти талабалар (қизлар) ётоқхонаси хоналаридан бирига кузатув камераси ўрнатилгани маълум бўлган эди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилган эди. Шунингдек, бунинг ортидан институти проректори ишдан бўшатилган.