Самарқандда “Волга”га бориб урилган Nexia-2 ёниб кетди
3-саҳифа
−
04 Сентябрь
3088Бугун, 4 сентябрь куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида Nexia-2 йўл-транспорт ҳодисасига учради ва ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, Nexia-2 русумли транспорт воситаси соат 9:50 атрофида вилоят марказининг Бўстонсарой кўчасида ҳаракатланиб келиб, йўлнинг ўнг томонида ёқилғиси тугаб тўхтаб турган “Волга” русумли транспорт воситасининг орқа қисмига келиб урилиши оқибатида ЙТҲ содир этган.
Оқибатда Nexia-2 русумли транспорт воситасида ёнғин содир бўлган. Ёнғин зудлик билан Самарқанд шаҳар ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилган. Ҳолат оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқ.
Ҳозирда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Cobalt автомобили йўл устунига бориб урилиши оқибатида ёниб кетганди. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳаракатланиб бораётган Damas автомашинаси эса бутунлай ёниб кетганди.