Самарқандда Умрага ноқонуний юбориш билан шуғулланган шахс ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18 Апрель 3950 1 дақиқа
Самарқанд шаҳрида Умра сафарига юборишга ваколати бўлмаса-да, 2 кишини алдаб уларда Умра сафари учун 3300 доллар олаётган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро вилоят Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, бир фуқаро моддий манфаат эвазига ўзининг фирмаси орқали ноқонуний равишда фуқароларни Умра зиёратига юбораётганини билдирган. Ушбу аризага мувофиқ, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан жорий йил 10 апрель куни Самарқанд шаҳар Нарпай кўчасида ўтказилган тадбир давомида фуқаро икки кишини Умра зиёратига юборишга келиб, улардан 3300 доллар миқдордаги пулларни олаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, гумонланувчининг иш жойи юзасидан тегишли ташкилотлардан маълумот олинганда, у ишлайдиган масъулияти чекланган жамият 2024 йил 23 апрелдан буён фаолият юритаётгани ва унинг Умра визаси олиб беришга ваколати йўқлиги аниқланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳрида Умра сафарига жўнатишга ваколати бўлмаган шахс Умра зиёрати учун ака-сингилдан 1100 доллар олаётганда қўлга тушганди. Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-модда (Фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.