Самарқандда ўқувчилар мактабга эшакда қатнамоқда (видео)
Жамият
−
10:36 2166 2 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида мактаб ўқувчилари мактабга эшакда қатнамоқда. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар қилди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудидаги мактаб ўқувчилари узоқ масофадан таълим муассасасига эшакларда қатнаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Видеода ҳолат Каттақўрғон тумани Мавлонсой қишлоғида содир бўлгани айтилган. Бироқ вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу маълумотни рад этган.
Бошқарма маълумотига кўра, видео Мавлонсойда эмас, балки туман марказидан 40 километр узоқликда жойлашган “Бургансой” МФЙ Олмосувон қишлоғидаги 84-сонли умумий ўрта таълим мактабида тасвирга олинган.
Билдирилишича, ушбу ҳудуд Қўшработ тумани билан чегарадош бўлиб, тоғ ёнбағирларидаги кичик ва тарқоқ қишлоқлардан иборат. Ички йўллар эса асосан сўқмоқлардан ташкил топган.
Айни пайтда мактабнинг асосий биносида 92 нафар, филиалида эса 21 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Филиал билан асосий бино ўртасидаги масофа 3 километрни, асосий бинога қатнайдиган энг олис масофа эса 4 километрни ташкил этади.
Ушбу мактабда 5–11-синфларда жами 74 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларнинг 45 нафари Олмосувон қишлоғидан, 13 нафари филиал ҳудудидаги Қўшамазор қишлоғидан, 17 нафари Тўлали қишлоғидан ва 17 нафари Жилқиҳайдар қишлоғидан асосий бинога қатнайди.
Таълим бошқармасига кўра, ҳудуднинг тоғли экани ва аҳоли пунктларининг тарқоқ жойлашгани сабабли маҳаллий аҳолининг аксарияти, жумладан, кундалик ҳаракатланишда от-уловлардан фойдаланади.
“Ҳозирда мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу олис ва тоғли ҳудудларда ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатнашларини таъминлаш, шунингдек, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилмоқда”, дейилади муносабатда.
Live
БарчасиПутин Тўқаев билан ҳам телефонлашди
21 сентябр
Қашқадарёда 2300 йиллик оссуарий топилди
21 сентябр