Самарқандда ўқувчи ва ўқитувчилар ўз хоҳиши билан мактаб ҳовлисида ишлаган бўлиб чиқди
Жамият
−
11 Сентябрь
5117Аввалроқ, Самарқанд вилояти Паяриқ туманидаги 75-умумтаълим мактабида ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабар тарқалган, мазкур ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирар экан, воқеа акс этган видео ҳақиқатдан ҳам ушбу мактабда тасвирга олинганини тасдиқлаганди.
Бугун, 11 сентябрь куни бошқарма видеодаги кетмон билан ер чопаётган мактаб ўқувчиларининг мажбурий ишга жалб этилганини рад этиб чиқди.
Бошқарманинг қайд этишича, туман Мактабгача ва мактаб таълим бўлими ва ҳамкор ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ҳолат ўрганилганда, ўқувчиларнинг мактаб ҳовлисидаги ерга ишлов бераётган тасвирлари 2024 йилнинг 19 апрель куни мактабнинг 9-"Б" синф (ўша пайтдаги 8-"Б"синф) ўқувчилари технология дарсида “Касбим фахрим” тўгараги машғулотларининг “Гулчилик касби, иссиқхона гуллари ва дала гуллари”мавзусидаги дарс доирасида ўз хоҳишлари билан ушбу микро участкага гул экмоқчи бўлганида олингани маълум бўлган.
Бундан ташқари, бошқарма педагогларнинг мактаб ҳовлисида ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётганликлари тасвирланган видеолавҳа жорий йилнинг 8 август куни олинганини маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 7 август куни мактабда навбатдан ташқари Педагогик кенгаши йиғилиши ўтказилган ва йиғилишда мактаб директори томонидан ободонлаштириш ишларида ходимларнинг ёрдам бериши таклифи киритилган. Ободонлаштириш ишларида мактабдаги 50 нафар ўқитувчидан 12 нафари ўз хоҳишларига кўра иштирок этган.
“Айни пайтда ҳолатни тасвирга олиб, ғаразли мақсадларда ижтимоий тармоқларга тарқатган фуқарони аниқлаш ва унга қонун доирасида чоралар кўриш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси