Самарқандда СССРни қайта тиклаш бўйича тарғибот олиб борган шахс жазоланди

3-саҳифа

image

Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланган Самарқанд шаҳрида яшовчи шахсга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, судланувчи Э.Х Ўзбекистон ҳудудида СССРни қайта тиклаш билан боғлиқ тарғибот тадбирлари билан фаол тарзда шуғулланиб келган. У Telegram'даги “Узбекская ССР/СССР” номли гуруҳга аъзо бўлиб, ушбу гуруҳга ўзи томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги юзаки эканлиги ҳақида материалларни гуруҳ аъзоларига тарқатиб келган.

Унинг материалларида ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ Иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” тўғрисидаги фикрлар келтириб ўтилганлиги аниқланган.

2024 йил 6 март куни мазкур гуруҳни кўздан кечириш давомида судланувчи томонидан собиқ Иттифоқни қайта тиклаш юзасидан кўплаб видео ва аудио материаллар жойлаштирилганлиги аниқланиб, мазкур материаллар процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Билдирилишича, мазкур шахс 2021 йил интернет тармоғида СССР фуқароларини рўйхатга олиш тўғрисида Россия фуқароси Олег Туришкин маърузасини эшитиб, унинг гапларига ишониб, Telegram'да у билан ўзаро суҳбатлашиб юрган. У 2023 йил 3 январь куни Самарқанддан Москвага учиб, у ерда СССР тарафдори бўлган кишилар билан учрашган. Улар СССРни қайта тузмоқчилигини, бунинг учун тарафдорлар йиғаётганини, ушбу давлат ҳали қонунан тарқамаганини айтишган ва судланувчига бу ишларни Ўзбекистонда ошкора қилиб бўлмаслигини, агарда давлат органлари билиб қолса, чора кўришлигини, яширинча тарафдорлар йиғиш кераклигини уқтирган. Уни кейинчалик Самарқанд вилояти бўйича“ВКПб” секретари этиб тайинлашган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд СССР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг